Маданий мерос агентлиги 2022 йилда асраб қолиш ишлари амалга ошириладиган маданий мерос ёдгорликлари рўйхати тасдиқланганини маълум қилди. Ушбу рўйхатга 34 та маданий мерос объектлари киритилган бўлиб, таъмирлаш-тиклаш ишларига 75 млрд сўм маблағ сарфлаш режалаштирилган.

Қорақалпоғистонда битта ёдгорлик — Халифа-Ражаб мақбарасини тиклаш, Бухорода 17 та, Сурхондарё ва Қашқадарёда тўрттадан, Хоразм вилоятида бешта ва Самарқандда учтадан объектни қайта тиклаш режалаштирилган.

«Хусусан, жорий йилги рўйхатга кўра, кўплаб танқидларга сабаб бўлган Баҳодир Ялангтўшбий мадрасаси, Толипоч қалъа қолдиқлари, „Улуғбек“ мадрасаси, Амир Олимхон мадрасаси, Кўк гумбаз, Оқ Сарой, Ислом Хўжа ёзги қароргоҳи, Чодра ҳовли каби объектларда реставрация ишлари олиб борилиши режалаштирилган», — деб ёзади агентлик.

Шунингдек, Бухоро «Арк» қўрғони мажмуасидаги Қушбеги, Саисхона, Саломхона, Тахтхона маданий мерос объектларида таъмирлаш тиклаш ишлари олиб борилади. Энг эътиборга молик лойиҳалардан бири эса — «Арк» қўрғони мажмуаси вайроналари қисмида «Археологик парк» ташкил қилиш бўлиб турибди.

Бухоро шаҳридаги «Масжиди Калон» (Пои Калон мажмуаси) қулаб тушган қисмлар ва таъмирталаб деворларини таъмирлаш-қайта тиклаш, атрофини ободонлаштириш ишларини ҳам 2022-йилнинг IV чорагида амалга ошириш режалаштирилган.

Моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларида амалга ошириладиган асрашга доир ишлар учун зарур бўлган маблағлар миқдори лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида аниқланади. Асрашга доир ишлар тегишли Маданий мерос объектлари реставрация дирекцияси томонидан амалга оширилади. Зарур ҳолларда, мазкур манзилли рўйхатга Маданий мерос агентлиги таклифлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси хулосасига кўра бош вазир ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазири томонидан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

Ҳукуматнинг 2022 йилда туризм ва маданий мерос объектлари инфратузилмасини ривожлантириш тўғрисидаги қарори билан Тошкент, Қўқон, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Хоразм шаҳарларида 38 та маданий мерос обектларини реставрация қилиш ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 117,3 млрд сўмлик лойиҳалар рўйхати тасдиқланди.

Олдинроқ меъморий мерос объектларида олиб борилаётган реставрация ишлари сифати бир неча бор танқид қилинган эди. Апрель ойида Маданий мерос агентлиги нотўғри олиб борилган реставрация Бухородаги Ситораи Моҳи Хосса тарихий мажмуасининг бир қисми тарихий-бадиий қийматини йўқотишига олиб келгани ҳақида хабар берган эди.