Бухоро амирининг ёзги қароргоҳи — Ситораи Моҳи Хосса тарихий мажмуасида реставрация ишлари қўйилган талаблар бузилган ҳолда нотўғри бажарилган, деб хабар берди 15 апрель куни Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги.

Ўрганиш давомида таъмирлаш-реставрация лойиҳалари махсус Илмий-эксперт кенгаши билан келишилмагани, тегишли рухсатномалар олинмагани ва яна бир қатор талаблар қўпол равишда бузилгани маълум бўлди. Натижада мажмуадаги реставрация ишлари нотўғри олиб борилгани туфайли саройнинг бир қатор қисми тарихий ва бадиий аҳамиятини буткул йўқотган.

Хусусан, мажмуанинг бадиий безаклари, нақшлари, кошинлари нобуд қилиниб, тарихий ва бадиий қийматига жами 28 млрд сўмлик зарар етказилгани аниқланди.

Агентлик ўрганиш ишларини ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборди. Ҳолат юзасидан масъул мансабдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Маълумот учун, Ситораи Моҳи Хосса Бухоро амирларининг ёзги саройи ҳисобланиб, асосий бинолар амир Мир Саййид Олимхон (1911−1920 йиллар) ҳукмронлиги даврида қурилган. Ҳозирда музей сифатида фаолият юритаётган мажмуага йилига 158 минг (шундан 63 минг нафари хорижий) сайёҳ ташриф буюради.

Сенат февраль ойида бўлиб ўтган ялпи мажлисда қонунчиликка киритиладиган моддий маданий мерос обектларини муҳофаза қилишни кучайтиришга оид ўзгартишларни маъқуллаган эди. Унда объектларга катта миқдорда зарар етказиш оғир жиноятлар тоифасига ўтказилиши белгиланган.