Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги мактабларда овқатланишни яхшилаш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳужжатда 2022−2023 ўқув йилидан бошлаб мамлакатнинг барча ҳудудларидаги мактаблар, мактаб-интернатлари ва Меҳрибонлик уйларида овқатланишни аутсорсинг йўли билан ташкил этиш таклиф этилмоқда.

ХТВ ва ССВ биргаликда ўқувчиларнинг физиологик ёшига мувофиқ озиқ-овқат маҳсулотларига қўйиладиган талабларни инобатга олган ҳолда, уларни рационал кунлик овқатлантириш меъёрларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди. Лойиҳадан Халқ таълими тасарруфидаги таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом ҳам ўрин олган.

Таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришнинг мақсадлари қуйидагилардан иборат:

  • ўқувчиларни тўлақонли соғлом овқатлантириш ва соғлиғини мустаҳкамлаш жараёнини самарали ташкил этишни таъминлаш;
  • сифатли таомлар тайёрлаш орқали ўқувчиларнинг соғлом ва баркамол ўсишини таъминлаш;
  • ўқувчиларни санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига мувофиқ соғлом овқатлантириш;
  • таълим ташкилотлари раҳбарларини таълимга оид бўлмаган вазифалардан озод қилиш ва таълим самарадорлигини ошириш.

Аутсорсерларга таълим ташкилотларининг ишлаб чиқариш хоналари, асбоб-ускуналари, идиш-товоқлари ва мебелидан фойдаланганлик учун тўлов «ноль» ставка бўйича белгиланади ҳамда овқатлантиришни ташкил этиш учун истеъмол қилинадиган коммунал хизматлар қиймати таълим ташкилотига ажратилган Давлат бюджети маблағлари доирасида қопланади. Аутсорсерлар тендер асосида танланади. Аутсорсерлар фаолияти ХТВ ва Аутсорсинг хизматлари кўрсатувчи корхоналар уюшмаси томонидан мунтазам равишда амалга оширилади.

Ўқувчиларни соғлом овқатлантириш бўйича намунавий мавсумий таомномалар Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Аутсорсинг хизматлари кўрсатувчи корхоналар уюшмаси ва тегишли ташкилотлар билан биргаликда ишлаб чиқилади ва ХТВ томонидан келишилган ҳолда тасдиқланади. Бироқ аутсорсинг компаниялари учун намунали мавсумий менюларга риоя қилиш бўйича қатъий талаб ўрнатилмаган, ўқувчиларнинг ёш гуруҳлари бўйича кунлик рационал овқатланиш нормаларини ҳисобга олган ҳолда меню талаблари белгиланмаган.

Аутсорсер томонидан санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари бўйича таёрланган таомлар ҳолати мониторингини олиб бориш мақсадида кунлик синамалар олиш таълим ташкилоти тиббиёт ходими зиммасига юкланади.

Аутсорсер ҳар куни асосий таомноманинг бир нусхасини таълим ташкилоти директорига тақдим этади (таълим ташкилоти директори кунлик таомномаларни бракераж комиссиясига тақдим қилинишига масъул) ва бир нусхасини туман (шаҳар) халқ таълими бўлими ёки юқори турувчи ташкилотга ҳар ўн кунда ҳисобот билан топширади. Овқатлар талабга жавоб бермаган тақдирда, комиссия таомларни экспертизадан ўтказиш учун юборади, номувофиқлик тўғрисидаги эксперт хулосасини олгандан кейин комиссия раиси туманга ҳисобот тақдим этиши шарт.

Лойиҳага кўра, ҳудудий санитария-эпидемиология назорати хизмати томонидан ҳар ойда аутсорсер томонидан норма ва талабларнинг бажарилиши юзасидан текширувлар ўтказилади.

Аутсорсинг компаниялари мажбуриятларига ўз фаолиятини санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ амалга ошириш, таомномаларда тайёр таомларнинг вазни, таркибидаги маҳсулотлар миқдорлари ва технологик карталарнинг мавжудлигини таъминлаш, битта ўқувчи учун кунлик сарфланадиган маблағ миқдорини кўрсатиш, болалар соғлиғига жиддий зарар етказувчи, озиқ-овқат махсулотлари ва таомлар савдосига қатъиян йўл қўймаслик ва бошқаларни киритиш таклиф этилмоқда. Лойиҳада «соғликка жиддий зарар етказиш» жумласига аниқлик киритилмаган.

Давлат томонидан кафолатланган бепул овқатланиш таъминланмаган ташкилотларда аутсорсинг компаниялари тижорат асосида овқатланишни таъминлаши мумкин.

Лойиҳа муҳокамаси 20-майга қадар давом этади.

Эслатиб ўтамиз, 7 февралдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 1−4-синф ўқувчиларини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул нонушта билан таъминлаш бўйича тажриба лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Тўғри ташкил этилган мактаб таомлари Марказий Осиё мамлакатларида болаларда семириш хавфини камайтириш учун давлат қўлидаги воситадир, деб таъкидлайди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти. Мактаблар, болалар боғчалари ва дам олиш масканлари соғлом озиқ-овқат танловини қўллаб-қувватлаш ҳамда носоғлом озиқ-овқат ва ширин ичимликлар таъсирини чеклашда муҳим рол ўйнайди.