Россиялик миллиардер Алишер Усмонов Европа судига ўзининг Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилишига қарши даъво аризаси билан мурожаат қилди. Бу ҳақдаги маълумотни ТАСС суд матбуот хизмати орқали тасдиқлади.

«Жаноб Алишер Усмоновнинг [Европа Иттифоқи] Кенгашга қарши даъвоси 29 апрель куни юборилган. Даъвогар Кенгашнинг унга нисбатан эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорини бекор қилишни ва суд қарори чиқарилгунга қадар тақиқловчи чораларни қўллашни тўхтатиб туришни талаб қилади», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Эшитиш саналари ҳали белгиланмаган.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Европа Иттифоқи Алишер Усмоновни Россиянинг бошқа йирик тадбиркорлари ва амалдорлари қаторида санкциялар рўйхатига киритган эди. Унда Алишер Усмонов Қримнинг аннексия қилиниши ва Украинадаги беқарорлик учун жавобгар бўлган Россия расмийларини қўллаб-қувватлагани қайд этилган.

Тадбиркор ўз шаъни ва обрўсини ҳимоя қилишини айтди.

ТАСС хабарига кўра, қора рўйхатга ҳозирда 1091 киши, жумладан, 30 дан ортиқ тадбиркор ва 80 ташкилот киритилган.