5 май куни жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судида спортчи Элбек Раҳимовнинг ўлдирилиши иши бўйича 26 нафар судланувчига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди, дея маълум қилди Ўзбекистон Олий суди расмий вакили Азиз Абидов.

Судланувчиларнинг барчаси Қашқадарё вилоятида туғилган бўлиб, уларнинг 3 нафари вояга етмаган шахс ҳамда 3 нафари ички ишлар органларининг собиқ ходимлари.

Судья Фозил Юсупов судланувчиларни Жиноят кодексининг 97, 109, 111, 127, 137, 169, 277, 28,137, 28,211, 28,277, 210, 230−1, 241−1 моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, судланувчиларнинг 19 нафарига 3 йилдан 20 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 1 нафарига 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси, вояга етмаган шахсларга 5 йил 6 ойдан 10 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда ички ишлар органларининг собиқ ходимларига 3 йилдан 8 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Марҳумнинг қонуний вакили фойдасига 11 нафар судланувчидан солидар тартибда 10,8 млн сўм миқдорида моддий зарар ва 150 млн сўм миқдорида маънавий зарар ундирилиши белгиланди.

Мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан судланувчиларга ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.