Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш харажатларининг бир қисмини (кешбэк) қайтариш тартиби президентнинг 30 апрелдаги «Ички туризм хизматларини диверсификация қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида илгари сурилган.

Кешбэк 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб тақдим этилади. Саёҳат харажатларини қайтариш Туризм ва маданий мерос вазирлигининг электрон платформаси орқали, шу жумладан ички саёҳатни режалаштиришни, шунингдек чегирмалар тақдим етишни ва «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» доирасида тайёр туристик пакетларни мустақил шакллантиришни таъминлайдиган mobil иловаси орқали амалга оширилади.

Саёҳат харажатларини қайтариш саёҳат қилиш давомида бир вақтнинг ўзида қуйидагилар назарда тутилганда амалга оширилади:

  • авиа, темир йўл ва (ёки) автомобиль транспортидан фойдаланиш;
  • жойлаштириш воситалари хизматларидан фойдаланиш;
  • маданият ташкилотларига ташриф буюриш;

Саёҳат харажатларини қайтариш ҳар бир туристга қуйидаги миқдорларда амалга оширилади:

  • авиақатнов орқали бориб-келиш чиптаси нархининг 15 фоизи, лекин 150 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
  • темир йўлда ёки автобусда бориб-келиш чиптаси нархининг 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
  • жойлаштириш воситасида тунаб қолиш харажатининг 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
  • театр, музей, цирк ва бадиий галереяларга ҳар бир ташриф чиптаси нархининг 50 фоизи, лекин 20 минг сўмдан ошмаган миқдорда.

Харажатлар фақат ички саёҳат охирида маҳаллий сайёҳларнинг банк картасига платформа орқали қайтарилади, дейилади ҳужжатда.

Платформа Давлат солиқ қўмитасининг (SoliqUz) мобил иловаси билан интеграция қилинади. Шу орқали харажатларнинг ҳақиқийлиги текширилади.

Туристларнинг кешбэкини молиялаштириш учун Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасига 2022 йилда республика бюджетидан қўшимча маблағлар ҳисобидан 30 млрд сўм ажратилади.

Туризм соҳасидаги бошқа янгиликлар

Ҳужжатда тунги вақтда (соат 18:00 дан 06:00 гача) фаолият юритувчи туризмнинг янги механизмларини жорий этиш ва ривожлантириш кўзда тутилган:

  • махсус ташкил этиладиган «туризм кўчалари»да жойлашган умумий овқатланиш корхоналари, кўнгилочар ва савдо объектлари, маданият ташкилотлари фаолиятини жамоат хавфсизлиги ва аҳоли осойишталигини таъминлаган ҳолда тўсқинликсиз амалга ошириш;
  • туристик объектларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш учун зарур инфратузилма ва муҳандислик-коммуникация тизимини такомиллаштириш;
  • маданий-кўнгилочар, консерт-кўнгилочар тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш;
  • махсус автобуслар (shuttle-bus) қатновини йўлга қўйиш;
  • туризм намойиши объектларининг фаолият олиб боришига рухсат беришнинг ягона тартибини жорий қилиш ва туризм намойиши объектларини қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш;
  • туристик объектларнинг ишлашига ягона рухсат бериш тартибини жорий етиш ва уларни қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш.

Тунги вақтда фаолият юритувчи туристик объектларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида давлат томонидан қуйидаги чора-тадбирлар кўрилади:

  • фаолият юритаётган туризм намойиши объектлари атрофи узлуксиз ёритилиши таъминланади, шу жумладан, мазкур ҳудудлар энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбалари билан жиҳозланади;
  • туризм намойиши объектлари «Хавфсиз шаҳар» концепциясига интеграция қилинади;
  • «туризм кўчалари»да жамоат хавфсизлиги нормалари ва талаблари доирасида «хавфсизлик чақирув тугмалари» ўрнатилади ҳамда «Wi-Fi» зоналари ташкил этилади;

Кечаси ишлайдиган туристик объектларга қуйидаги талаблар қўйилади:

  • объектларнинг ички қисми, хизмат кўрсатиш хоналари, кириш ва чиқиш, шу жумладан, фавқулодда вазиятлар юз берган тақдирда ҳаракатланиш ва фуқароларни эвакуация қилиш жойларида маълумотларни камида 30 кун давомида сақлаш имконини берувчи видеокузатув тизимини ўрнатиш ва «Хавфсиз шаҳар» концепциясига интеграция қилиш;
  • биноларнинг ён-атрофи, автотураргоҳ ва уларга тегишли бошқа ҳудудларни камида 10 метр масофада ёритиш;
  • объектларни тўлиқ товуш ўтказмайдиган тарзда жиҳозлаш. Бунда, тунги вақтда мусиқа ва товуш кучайтиргич асбоб-ускуналаридан аҳолининг тинчлигини бузмаган ҳолда фойдаланилади;
  • объектларни ёнғин ўчириш воситалари, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур дори воситалари ва тиббий буюмлар тўпламига эга тиббий ёрдам қутичалари билан таъминлаш;
  • бинонинг барча учун кўринарли жойларида ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятлар юз берган тақдирда ҳаракатланиш ва фуқароларни эвакуация қилиш чизмаси ҳамда тезкор ва қутқарув хизматларининг телефон рақамлари акс эттирилган маълумотларни акс эттириш талаби белгиланади.

Ҳужжат давлат органларининг қонунга риоя қилган ҳолда тунги вақтда ишлаётган тадбиркорлар фаолиятига асоссиз аралашувлар ва бюрократик тўсиқлар ўрнатишини тақиқлайди.

Ўзбекистон автомобил йўллари бўйлаб (Туристик транспорт йўлаги) «карвонсарой» барпо этилади, уларнинг ҳар бири туристик хизматлар кўрсатади. Хусусан ҳунармандчилик ва маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш бўйича хизматлари, автомобилларга, шу жумладан, электр транспорт воситаларига хизмат кўрсатиш шохобчалари, тўхташ жойлари ва санитария иншоотлари фаолияти йўлга қўйилади. Ҳар бир «карвонсарой» атрофига дарахт ва буталар кўчатлари экилади.

Уч ойлик муддатда Ақчакўл, Ашши кўл, Зикри кўли, Айдаркўл, Тузкон кўли ва Тўдакўл кўллари ҳудудида соҳилбўйи зоналарини ташкил этиш учун 10 йилгача муддатга ижарага берилади. У ерда экологик ва санитария талабларига жавоб берадиган енгил конструкциялардан қурилган бино ва иншоотлар барпо этилади.