Президент Шавкат Мирзиёев 26 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда фуқароларнинг Ўзбекистон бўйлаб саёҳати учун сарфланган харажатларнинг бир қисмини қайтариш (кешбэк) дастурини эълон қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

1 сентябрдан бошлаб:

  • авиа, темир йўл ва автобус чипталари нархининг 15 фоизини (авиатранспортга 200 минг сўмгача, темир йўл ва автобусга 100 минг сўмгача);
  • меҳмонхона харажатининг 20 фоизини (бир кеча учун — 80 минг сўмгача);
  • музей ва бошқа маданият объектларига чипта нархининг 50 фоизини (битта объект учун — 20 минг сўмгача) қайтариш тизими жорий этилади.

Байрам кунлари ва фестивалларда аҳолининг фаол саёҳат қилишига қулай шароит яратиш учун қўшимча авиа, темир йўл ва автобус қатновини ташкил этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бунда чипталарга 50 фоизгача чегирмалар жорий қилинади.

Ушбу йиғилишда Шавкат Мирзиёев келаси ҳафта ўзбекистонликлар Рамазон ҳайити байрами муносабати билан 5 кун дам олишини айтди.

Рамазон ҳайити кунларида авиачипталарга талабнинг юқорилиги муносабати билан Uzbekistan Airways 2022 йил 1 майдан 5 майгача Бухоро, Урганч, Фарғона ва Наманганга қўшимча авиақатновларни бажаради.

Йиғилишда хорижий ва ички сайёҳларнинг авиақатновларга бўлган талабини қондириш бўйича қатор вазифалар берилди. Жумладан:

  • 1 июлдан «Зиёрат туризми» дастури доирасида хорижий авиакомпанияларга кўрсатиладиган хизматларга 50 фоизгача чегирмалар жорий қилинади;
  • йил якунигача маҳаллий авиақатновлар сони ҳафтасига 48 тадан 60 тага, туташувчи қатновлар сони 4 тадан 6 тага етказилади;
  • 1 октябрга қадар маҳаллий авиақатновларга мўлжалланган янги Silk Avia авиакомпанияси ташкил этилади;
  • авиаташиш харажатларини камайтириш мақсадида 9 та самолёт тўлиқ эконом-классга ўтказилади (бунда тарифлар 20 фоизга арзонлашади).

Шунингдек, Туризм ва Транспорт вазирликларига бир ой муддатда туризм соҳасида транспорт инфратузилмасини яхшилаш концепциясини тақдимот қилиш бўйича кўрсатма берилди.