ОАВ эркинлигини таъминлаш учун халқаро ташкилотларнинг кўмаги ва профессионал тажрибаси зарур. Бу ҳақда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси, тадбиркор Комил Алламжонов маълум қилди.

25 апрель куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет билан учрашувда у Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигининг ўтмишдаги аҳволи, бугунги куни ва эртага қандай бўлиши кераклиги ҳақида гапирди.

«Йиллар давомида ёпиқ бўлган матбуот энди президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси туфайли қайта очилди ҳамда ислоҳотлар йўлидаги қийинчилик ва муаммоларга қарамай, танланган йўл ўзгармасдан қолади», — деди жамғарма раҳбари.

Комил Алламжонов БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Бошқармаси билан яқин ҳамкорлик «ўзбек матбуоти ривожи, унинг эркин фаолият юритиши, энг муҳими, аҳолини турли тажовузкор ва шафқатсиз хориж тарғиботларидан ҳимоя қилишда» муҳим эканини таъкидлади.

«Албатта, эски тузумни ушлаб турганлар бор, бизнинг овозимизни ўчиришга уринаётган кучлар бор. Аммо кейинги йилларда биз инсон қадр-қиммати ва эркинлиги олийлиги шароитида нафас олмоқдамиз. Биз таслим бўлмаймиз», — деб ёзди у.

Маълумот учун, «Чегара билмас мухбирлар» (Reporters Without Borders) ташкилотининг 2021 йил апрель ойида чоп этилган матбуот эркинлиги рейтингида Ўзбекистон 1 поғона пастлаб, 180 давлат орасида 157-ўринни эгаллади. Индекснинг пасайиши 2018 йилдан бери биринчи марта кузатилди. Мамлакатдаги вазиятни «қийин» дея баҳолаш давом этмоқда.