«Фармасинтез» Ўзбекистонда саратонга қарши дори воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Россия фармацевтика компанияси матбуот хизмати маълум қилган.

Компания ижрочи директори Никита Пуния ваЎзбекистон Фармацевтикани ривожлантириш агентлиги раҳбари Сардор Кариев 25 апрель куни «Иннопром» кўргазмаси доирасида тегишли келишувни имзолади.

Корхона қурилиши 2023 йилда бошланиши режалаштирилган. «Фармасинтез» лойиҳага 30 млн АҚШ долларигача сармоя киритиши кутилмоқда.

Ўзбекистон компания учун собиқ совет ҳудудидаги энг муҳим бозорлардан бири, деди Пуния. У жадал иқтисодий ўсишни таъкидлади, шунингдек, фармацевтика саноатида юқори технологияларни ривожлантириш лойиҳасини «ўз вақтида ва тўғри» деб атади.

Никита Пуния фармацевтика компаниясининг энг янги технологиялардан фойдаланган ҳолда завод қурилишига сармоя киритишга тайёрлигини билдирди — бунинг учун қўшма битимлар ҳақида келишиб олиш зарур. Компаниянинг ишлаб чиқариш тажрибаси 25 йилдан ошади.

Сардор Кариев лойиҳа «Фармсинтез»га Ўзбекистон ва қўшни давлатларда ҳам фаолиятини кенгайтириш имконини беришини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 12 апрель куни ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон фармацевтика саноатидаги вазиятни танқид қилган эди. Шунингдек, президент дори ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳаларни амалга оширишга камида 10 та йирик хорижий компанияни жалб этиш бўйича топшириқ берди.

5 та заводга эга «Фармасинтез» Россиядаги энг йирик фармацевтика компанияларидан биридир. 1997 йилда Викрам Пуния томонидан асос солинган. Корхонада онкология, ОИВ, сил, гепатит касалликларини даволашга мўлжалланган 170 турдан ортиқ дори воситалари ишлаб чиқарилади.