Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи 29 ёшли З. исмли шахс ОИТС билан касалланганини била туриб, беморларни даволашда давом этганлиги аниқланди. Мазкур фаолият тури ССВнинг тегишли буйруқлари ҳамда талабларига кўра, ОИТС билан касалланган шахслар учун тақиқланган.

2021 йилнинг декабрь ойида Тошкент шаҳар ОИТСга қарши курашиш маркази ходимлари томонидан З. исмли шахс назоратга олиниб, шифокор томонидан ОИТС касаллиги ва уни юқтириш йўллари ҳамда Ўзбекистон ОИВ тўғрисидаги қонуни ҳақида тушунтириш берилган. Била туриб, ушбу касалликни бошқаларга юқтириш ёки юқтириш хавфи остида қолдирса, жиноий жавобгарликка тортилиши уқтирилган.

Йигитнинг сўзларига кўра, у учрашиб юрган қизни излаган, бироқ топа олмаган. «У билан икки марта кўришганман. Учрашганимдан икки ой ўтиб, ОИТС билан касалланганим аниқ бўлди», — дейди у.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 113-моддаси (Таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш) билан жиноят иш қўзғатилган. Унга кўра, била туриб, бошқа шахсни таносил касаллигини юқтириш хавфи остида қолдириш 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ, Бухоро вилоятида ОИТСга чалинганини била туриб, 4 йил давомида қарийб 40 кишига касалликни юқтириб келган аёл аниқлангани ҳамда суд ҳукмига кўра, унга 6 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлангани ҳақида хабар қилинган эди.