Ўзбекистонда доллар ва евро танқислиги, шунингдек, катта миқдордаги рублнинг кириб келиши кузатилмаяпти. Бу ҳақда Марказий банкнинг ОАВ ва блогерларнинг саволларига берган жавобларида маълум қилинди. Жавоблар рус ва ўзбек тилларида Марказий банк веб-сайтида эълон қилинган бўлиб, «Газета.uz» жавобларнинг энг муҳим қисмларини тақдим этади.

  • Марказий банк Ўзбекистонда доллар ёки евро тақчиллигини қайд этмаяпти, тижорат банклари кассаларида нақд хорижий валюта етарли. Қўшимча тарзда хорижий валюта импорт қилиш режалаштирилмаган.
  • Апрель ойи бошида ўзбекистонликларнинг хорижий валютага бўлган талаби йил боши билан солиштирилганда барқарорлашди. Шу билан бирга, аҳоли томонидан банкларга доллар сотиш кўпайгани қайд этилди (бу ҳақда аввалроқ Марказий банк матбуот хизмати хабарида ҳам айтилган эди).
  • Ўзбекистон ички бозоридаги вазият барқарор ва катта миқдордаги рублнинг кириб келиши кузатилмаяпти.
  • Банклар чет эл валютасини Ўзбекистон норезидентларига қонуний манбалардан сўмдаги маблағлар олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатга мувофиқ сотадилар. Улар учун бошқа чекловлар йўқ.
  • Аввалгидек жисмоний шахслар Марказий банк курси бўйича 100 млн сўм эквивалентидаги хорижий валютани мамлакатдан эркин олиб чиқишлари мумкин.
  • Чет эл валютасида операцияларни амалга ошириш бўйича чекловларни жорий этиш кўриб чиқилмаяпти.
  • Юзага келган ташқи хатарлар ва ноаниқликлар фонида Марказий банк инфляциянинг 12−14 фоизгача кўтарилиши мумкинлиги ҳамда 2023−2024 йилларда бир маромда пасайиб боришини прогноз қилаётгани айтилди.
  • Март ойининг биринчи ярмида ташқи хатарлар таъсирида сўм девальвацияси 5 фоиз атрофида шаклланди ва қарийб барча қисқа муддатли ўзгаришларни (шокларни) қамраб олди.
  • Тижорат банклари томонидан аҳолига бирламчи уй-жой бозоридан хонадон сотиб олиши учун ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича фоиз ставкалари 2022 йил якунига қадар ўзгармайди. Шунингдек, илгари олинган ипотека кредитлари шартлари эса мижоз ва тижорат банки ўртасида тузилган шартнома асосида белгиланади. Агар шартномада ипотека кредити бўйича фоиз ставкаси асосий ставкага (қайта молиялаштириш ставкасига) боғланган бўлса, асосий ставка ўзгариши улар бўйича фоиз ставкаларининг ҳам ўзгаришига олиб келади.
  • Марказий банк асосий ставкани 2022 йил якунига қадар яна 5 маротаба кўриб чиқишни режалаштирган бўлиб, навбатдаги бошқарув йиғилиши 9 июнь санасига белгиланган.
  • Тижорат банкларининг хорижий банклар олдидаги жами мажбуриятлари таркибида [Россиянинг] қаттиқ санкцияларга тушган банкларнинг молиявий ресурслари рубль улуши юқори эмас.
  • Жорий йилнинг март ойида тижорат банклари томонидан миллий валютада жами 11,1 трлн сўм, шундан тадбиркорлик субъектларига 4,2 трлн сўм миқдорида кредитлар ажратилди.
  • Марказий банк асосий ставкасининг ўзгариши таъсири иқтисодиётдаги кредитлар бўйича фоиз ставкаларига маълум муддат кечикиш билан таъсир этади.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Марказий банк Ўзбекистонда банклар қатъий санкцияга тушган банклардан олинган кредитларни иккиламчи санкциялар хавфини яратмасдан қайтариш бўйича халқаро юридик консалтинг компанияларини жалб қилаётгани ҳақида хабар берган эди.