21 апрель куни соат 11:50 ларда Юнусобод туманида жойлашган Халқаро бизнес маркази биносидан тушиб кетган 42 ёшли эркак ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкин. Бош прокуратура мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.

У бинонинг 9-қаватидаги чекиш учун мўлжалланган очиқ қисмидан пастга қулаган. Воқеа бўйича бошқа маълумотлар йўқ.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Юнусобод туман прокуратураси текшириш ҳаракатлари олиб боряпти ва ҳодисанинг аниқ сабабларини аниқламоқда.

«Бугун содир этилган ҳодисанинг аниқ сабабларини аниқлаш, иш учун аҳамиятли бўлган из, далил ва бошқа муҳим буюмлар инсон таъсири оқибатида йўқолиши ёки шикаст етказилишини олдини олиш мақсадида воқеа жойи атрофи белгиланган тартибда ўраб олинди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, Тошкент шаҳар прокуратурасининг тергов ходимлари ҳудудни кўздан кечирганини маълум қилди.

Прокуратура қонунларга риоя қилган ҳолда терговга қадар текширув пайтида ушбу жараён тўлиқ, холис ва қонуний тартибда амалга оширилишига тўсқинлик ёки ҳалақит қилмасликни сўради.