2022 йилнинг биринчи чорагида давлат бюджетига 9,5 трлн сўм божхона тўловлари ўтказилган. Бу тушумлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3 трлн сўмга ошган, дея маълум қилди ДБҚ ахборот хизмати бошлиғи в.б. Ҳусан Тангриев АОКАда ўтказилган навбатдаги брифингда.

Январь-март ойларида давлат божхона органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда 1 млн долларга тенг нақд хорижий валюта тўхтатиб қолинган (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10 баробарга ортган). Шунингдек, 503,6 кг гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган. Бундан ташқари, 101 минг дона кучли таъсир этувчи ва 1,6 минг дона психотроп моддалар киришининг олди олинган.

Биринчи чоракда божхона ходимлари томонидан қиймати 5,2 млрд сўмлик заргарлик буюмлари, 170 минг қути тамаки маҳсулотлари ва 490 дона маданий бойликлар ноқонуний айланувининг олди олинган.

Бундан ташқари, Ташқи савдода «яширин иқтисодиёт» улушини қисқартиришга қаратилган тизимли тадбирлар натижасида 221 млрд сўмлик қўшимча божхона тўловлари ундирилган.

Ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, тадбиркорлик субъектлари ўртасида рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида 3 минг нафардан зиёд тадбиркорларга божхона тўловларидан қарийб 4 трлн сўмлик божхона имтиёзлари берилган. Натижада салкам 4 трлн сўм айланма маблағ сифатида ўзларининг ихтиёрида қолган.

Халқаро тажрибалар асосида 1 апрелдан бошлаб Самарқанддаги янги халқаро аэропортда «сезилмайдиган божхона назорати» тизими жорий этилиб, йил якунига қадар мазкур тизим Тошкент, Фарғона ва Термиз аэропортида ҳам жорий этилиши назарда тутилган.

Андижон вилоятидаги «Дўстлик» чегара-божхона постига ҳамда Тошкент вилоятининг «Яллама» чегара постига туташ ҳудудларда илк бор давлат шерикчилик шартлари асосида замонавий божхона терминаллари ишга туширилган.

Божхона расмийлаштируви жараёнида инсон омилини қисқартиришга борасида 1456 та маъмурий ишлар илк маротаба «Е-Qaror» тизимида электрон шаклда юритилиб, вақт сарфи 17 кундан саноқли дақиқаларга қисқарган.

Қашқадарё, Хоразм, Сирдарё, Тошкент, Бухоро, Фарғона, Жиззах вилоятларида товарларнинг божхона расмийлаштируви Масофавий электрон декларациялаш принципи асосида ташкил этилган бўлиб, ушбу ҳудудларда ундирилган божхона тўловлари 52 фоизга ва декларациялар сони 17 фоизга ортган.

«Яллама» ва «Дўстлик» чегара божхона постларида илк маротаба «Транспорт назорати» ахборот тизими жорий этилиб, 23 мингдан зиёд транспорт маълумотлари автоматик қайд этилди ва расмийлаштирув вақти 30 фоизга қисқарган.

Хавф тизимини такомиллаштириш натижасида экспорт товарларини автоматик расмийлаштириш 14 баробарга ошган.

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида товарлар бўйича олдиндан ахборот алмашиш тўғрисида халқаро шартнома имзоланган.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев раислигида 17 февраль куни ўтказилган йиғилишида божхона маъмурчилигини янада такомиллаштириш ва соҳани коррупциядан холи тизимга айлантириш бўйича устувор вазифалар белгиланган эди.