Февраль ойининг охиридан бошлаб Россиядан чет эллик фуқаролар Ўзбекистонга оммавий равишда ташриф буюра бошлади. Уларнинг келиши маҳаллий ижара бозоридаги нархларни кўтарди, деб хабар берди «РБК Недвижимость».

Агентлик Россия фуқаролари орасида Ўзбекистон йўналишининг «кутилмаган» машҳурлигини қайд этди. Бир ярим ой давомида мамлакатга камида 5 минг россиялик келган.

Маҳаллий риелторларнинг маълумотларига кўра, февраль ойининг охиридан март ойининг ўрталарига қадар Тошкентда квартира ижарасининг ўртача нархи 15 фоизга ошган.

Шундай қилиб, Сергели, Олмазор ва Юнусобод туманларида бир хонали квартирани ижарага олиш ўртача 3,39 млн сўмни ташкил этади, бу 24 февралга (3 млн сўм) нисбатан 13 фоизга кўпроқ. Яккасарой ва Миробод туманларида нархлар 5,65−11,3 млн сўм оралиғида ўзгариб, 17 фоизга ошган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Жиззах, Наманган ва Хоразм вилоятларида ҳам ижара ҳақи кўтарилган. Умуман олганда, Ўзбекистонда уч ойлик ижара ҳақи 0,9 фоизга, яъни 2021 йилнинг шу даврига нисбатан икки баравар қимматлашган.

Риелторларнинг таъкидлашича, ижарага бериладиган уй-жой бозорида ҳали таклиф етишмовчилиги йўқ. Бироқ, бу чет элликлар оқимининг янада ортиши билан пайдо бўлиши мумкин.

Spot нашрининг ёзишича, уй-жой бозори вакиллари ижарага бериладиган уй-жой бўйича битимлар сонининг кўпайишини қайд этган. «Этажи» агентлигининг бошқарувчи ҳамкори Артур Югайнинг сўзларига кўра, март ойининг 10 кунида ижара нархи 15−20 фоизга қимматлаган.

Россияликларнинг оммавий келиши фонида бошқа яқин хориж мамлакатлари ҳам ижара нархининг ошишига дуч келди. Мисол учун, Арманистоннинг Ереван шаҳри марказида бир хонали квартирани ижарага олиш бир ой давомида икки баробарга, яъни 235,5 минг драмдан (494,5 доллар) дан 471,1 минг драмгача (989 доллар) қимматлашган.

Грузияда нархлар 1,5 баробарга ошди — жумладан, Тбилисида квартира ойига 300 доллардан 450−500 долларгача кўтарилган. Туркия ижарага бериладиган уй-жой тақчиллиги билан дуч келмоқда, шунинг учун машҳур русийзабон ҳудудларда квартиралар 4−5 бараварга қимматлашди.

Мутахассислар март ойи бошида ҳам россияликлар орасида Тошкентдаги кўчмас мулкка бўлган талабнинг ошишини башорат қилишган эди.