1 майдан янгиланган Ўзбекистон Йўл ҳаракати қоидалари кучга киради. «Газета.uz» мактаб ва болалар боғчалари яқинида, турар-жойларда тезликнинг камайтирилиши ҳамда автомобилларнинг олд ўриндиқларида йўловчилар учун хавфсизлик камарини тақиш талаби каби баъзи ўзгаришлар ҳақида аввалроқ ёзган эди. Ҳужжатда яна нималар дейилган?

ЙҲҚдаги асосий ўзгаришлар

  • ЙҲҚ янги таърифлар билан тўлдирилди, уларнинг сони 50 тадан 70 тага кўпайтирилди (6-банд). Улар орасида велосипедчи, велосипед йўлкаси, велосипедчилар учун тасма, пиёда ва велосипед йўлкаси, ўзиб кетиш, хавфсизлик ороли, кўриниши чекланган жойлар, пулли тўхтаб туриш жойи, электромобиль, фавқулодда вазият яратиш ва бошқалар мавжуд.
  • «Ҳайдовчиларнинг вазифалари» бобининг (2-боб) номи «Ҳайдовчиларнинг умумий вазифалари» деб ўзгартирилди. У ҳайдовчида биометрик паспорт ёки ID-карта бўлса, ҳайдовчилик гувоҳномаси, техпаспорт, ишончнома ва ФЖМ суғуртаси бўлиши шарт эмаслиги ҳақидаги банд билан тўлдирилади (7-банд).
  • Аҳоли пунктларида ҳаракатланаётганда йўналишли ва йўналишсиз такси ҳайдовчиларига хавфсизлик камарларини тақмасликка рухсат берувчи бандлар чиқариб ташланди. Ҳайдовчи ва олд ўриндиқдаги йўловчилар ҳаракатни бошлашдан олдин хавфсизлик камарларини тақиб олишлари керак (9).
  • Ҳайдовчининг вазифалари рўйхати ҳаракатланиш вақтида авария ҳолатини юзага келтирмаслик мажбурияти (11) билан тўлдирилди.
  • Аҳоли пунктларида транспорт воситаларининг магнитофон ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратураларини баланд овозда қилиб фойдаланиш тақиқланади. Худди шу тақиқ двигатель товушига ҳам тегишли (12).
  • Ҳайдовчи йўловчилар учун ўрнатилган ҳаракат вақтида эшикларни очиш ёки салондан тана қисмларини (қўлдан ташқари) чиқариш каби тақиқларга риоя этилишини назорат қилиши шарт (24).
  • Тезкор ва махсус хизматларнинг ялт-ялт этувчи маёқчалар ва махсус товушли ишоралар ёқилган транспорт воситаларини кузатиб келаётган машиналарда яқинни ёритувчи чироқлари ёқилган бўлиши керак (25).
  • Тезкор ва махсус хизматлар транспорт воситаларини қувиб ўтиш тақиқланади (26). Бундан халқаро ҳамда икки ва ундан юқори бўлакли йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминланган ҳолда ўзиб ўтиш мустасно.
  • Юк автомобиллари ЙҲҚда кўзда тутилган истиснолардан ташқари, фақат четки ўнг қаторда ҳаракатланиши мумкин (68).
  • Велосипед йўлкаси бўлмаган ҳолда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланаётган велосипедчилар сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда нур қайтаргичли камзулда ёки нур қайтарувчи элементли парчалари бўлган устки кийимда бўлишлари шарт (167).
  • Велосипедчилар учун ўлчами кичрайтирилган доирасимон ишораларга эга бўлган светофор қўлланилиши мумкин. Бундай ҳолда светофор билан велосипед тасвирига эга бўлган тегишли белги ўрнатилади (34).
  • Велосипедчиларга велосипед йўлаклари бўлган тақдирда йўлнинг қатнов қисмини велосипедда ўтишга рухсат берилди. Акс ҳолда велосипеддан тушиб, уни судраган ҳолда йўлни кесиб ўтиш керак бўлади (168).
  • Велойўлак ва пиёдалар йўлкаси кесишмасида велосипедчилар пиёдаларни йўл беришлари керак (169).
  • Енгил автомобилнинг том қисмига ўрнатилган юкхонасидаги юкнинг баландлиги 1 метрдан (махсус мосламалар билан мустаҳкамланган ҳолда велосипедларни ташиш бундан мустасно) ва узунлиги автомобилнинг габаритидан 0,5 метрдан ошмаслиги керак (162).
  • Ташкилотлар ва фуқароларга йўлнинг ҳаракат қисмига ўзбошимчалик билан сунъий нотекисликлар ўрнатиш тақиқланади (4).
  • Агар светофорнинг ишоралари ишламаётган бўлса, ҳайдовчи бошқа (кўндаланг) йўналишдаги светофор ишоралари ишламаётганлигига ишонч ҳосил қилиши лозим (43-банд).
  • Товушли ишорадан фойдаланиш тақиқланади, бунда зарур ҳолларда ЙТҲларнинг олдини олиш ёки аҳоли пунктларидан ташқарида ҳайдовчиларни қувиб ўтиш ҳақида огоҳлантириш учун (48).
  • Рухсат берилган энг юқори тезлик ўзгаришсиз қолмоқда, аҳоли пунктларида — 70 км/с, аҳоли пунтларидан ташқарида — 100 км/с. Йирик шаҳарларда республика комиссияси чекланган тезликни айрим участкаларда 60 км/с қилиб белгилаши мумкин (78 — 79).
  • Тегишли йўл белгилари ўрнатилган мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларига етмасдан ва ўтиб кетиш 300 метрдан кам масофада рухсат берилган тезлик 30 км/с. Турар жой даҳалари ва ёндош ҳудудларда эса 20 км/с дан ошмалиги керак (78).
  • Пиёдалар ўтиш жойларида ҳатто пиёдалар бўлмаганда ҳам қувиб ўтиш тақиқланади (86).
  • Пиёдалар ўтиш жойлари, велосипед йўлкаси билан кесишувда ва улардан олдин 10 метрдан кам (бунга қадар — 5 м) масофа қолганда ҳамда велосипедчилар учун тасмада (одам тушириш ва миндириш мустасно) тўхташ тақиқланади (91).
  • Қатнов қисми кесишмаларида ва кесишаётган қатнов қисми четига 30 метрдан кам масофада (аввал — 5 метр) тўхташ ва тўхтаб туриш тақиқланади, бунда уч томонлама кесишадиган чорраҳаларда ёндан туташган йўлнинг сидирға чизиқ ёки ажратувчи минтақа билан ажратилган қарама-қарши томони бундан мустасно (91).
  • Транспорт воситаларининг қайрилиб олиш жойларида ва унга 30 метр етмасдан ва ўтиб туриб тўхташ тақиқланади (91).
  • Сутканинг ёруғ вақтида кучли ёғингарчилик (ёмғир, қор) шароитида ҳайдовчилар яқинни ёритувчи фара чироқлари ёқилиши керак (138).
  • Транспорт воситаларининг техник тавсифномасида кўзда тутилган миқдордан ортиқ одамларни ташиш тақиқланади. Мазкур банддан «12 ёшгача болаларни ҳисобга олмаганда» жумласи чиқариб ташланди (159).