Вазирлар Маҳкамасининг 14 апрелдаги қарори (183-сон) билан Давлат ер ва кадастр назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Низомга мувофиқ, ер қонунчилиги бузилишига оид ҳолатлар кузатилса, унинг назоратини ҳокимликлар, Кадастр агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Экология қўмитаси ўтказади. Кадастр назоратини эса Кадастр агентлиги олиб боради.

Ер назорати қуйидаги асосларга кўра 10 иш кунидан кўп бўлмаган муддатда ўтказилади:

  • ер мониторингида қонунчилик бузилиши кузатилганда;
  • ️электрон тизим орқали ва аэрокосмик суратларни солиштиришда қонун бузилиши қайд этилганда;
  • ️ер қонунчилиги бузилишига оид мурожаатларга кўра;
  • ️ОАВ ёки ижтимоий тармоқлардаги хабарлар асосида;
  • суд ва бошқа органларга ерга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида ахборот келиб тушганида.

Кадастр назорати бўйича масъул органлар юридик ва жисмоний шахслар томонидан кадастрга оид қонунчиликка риоя этилишини назорат қилади ва Давлат кадастрлари ягона тизимига ахборот киритади.

Ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳақида хабар берганлар БҲМнинг 10 фоизи (27 минг сўм) миқдорида рағбатлантирилади.