Март ойида Украинанинг Одесса шаҳридан Руминия пойтахти Бухарестга гуманитар йўлак орқали қочиб ўтган икки нафар Ўзбекистон фуқароси ватанга олиб келинди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар қилди.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси маълумотига қараганда, жорий йил 1 апрель куни ваколатхонага Ўзбекистон фуқаролари опа-сингиллар (бири 1992 й. т., иккинчиси 1994 й. т.) мурожаат қилган. Улар Руминиядан Ўзбекистонга қайтариш юзасидан амалий ёрдам сўрашган.

Бош консулхонанинг саъй-ҳаракатлари билан ушбу фуқаролар 2 апрель куни Туркиянинг Истанбул шаҳрига етиб келган. 2−5 апрель кунлари улар Истанбулдаги меҳмонхоналардан бирига жойлаштирилиб, зарур озиқ-овқат билан таъминланган.

Туркиядаги ҳомийлар маблағлари ҳисобидан иккита авиачипта харид қилиниб, опа-сингиллар 5 апрель куни Ўзбекистонга қайтарилган.