Адлия вазирлиги томонидан тадбиркорларнинг умумий овқатланиш соҳасидаги фаолияти таҳлил қилинди. Қайд этилишича, ўрганиш давомида давлат идораларининг статистик ва бошқа маълумотлари ва 2,1 мингдан ортиқ умумий овқатланиш корхоналари вакиллари ўртасида ўтказилган сўровлар натижалари таҳлил қилинди. Таҳлил натижасида соҳага оид бир қатор муаммолар аниқланди.

Биринчидан, соҳани тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари ва қоидалар эскирган, бизнес юритиш амалиётига мос келмайди. Масалан, ресторан тозалаш, таъмирлаш ва шу кабилар ишлар учун ёпилишидан бир ҳафта олдин бу ҳақда эълонни осиб қўйиши керак. Буни бажармаса 2 млн. сўм жаримага тортилади.

Шунингдек, умумий овқатланиш хизматига оид санитария норма ва қоидалари (СанПиН 0309−14-сон) ҳам замон талабларига мос келмайди, бунинг натижасида қоидаларнинг 20 тасига риоя этиш имконсиз бўлиб қолган.

Жумладан, таомларни кўмир, ўтин, қаттиқ ёқилғида ишлайдиган плиталарда пишириш мумкин эмас (қиш мавсумларида газ таъминоти чекланганда мазкур талабга риоя қилиб бўлмайди).

Яна бир мисол, тахминан 12 турдаги маҳсулотлар учун алоҳида-алоҳида пичоқлар мавжуд бўлиши лозим (амалда аксарият умумий овқатланиш корхоналарида ҳар бир маҳсулот учун алоҳида пичоқ ишлатилмайди).

Иккинчидан, солиқ юки ва мураккаб солиқ маъмуриятчилиги. Умумий овқатланиш корхоналари 7−9 турдаги солиқларни тўлайди. Жумладан, айланмадан олинадиган солиқ (товар айланмаси 1 млрд сўмгача), қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи, ижтимоий солиқ, даромад солиғи (солиқ агентли сифатида), мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, алкоголли маҳсулотларни сотиш ҳуқуқи учун ундириладиган йиғим (алкоголли ичимликлар сотилса).

Солиқ юкининг юқорилиги умумий овқатланиш корхоналарининг 61 фоизини солиқдан қочишга ундамоқда. Шунингдек, кўп солиқлар тўлаш ўз-ўзидан улар билан боғлиқ солиқ маъмуриятчилигини ҳам мураккаблаштирмоқда: корхона 6 хил вақтда солиқларни тўлаши ва 5 хил вақтда солиқ ҳисоботларини тақдим этиши лозим.

Шу сабабли, умумий овқатланиш хизматлари фаолиятини бошлашда респондентларнинг деярли 1/3 қисми солиқ қонунчилигини тушуниб олишда қийналишган. Мазкур омиллар эса, ўз навбатида, соҳадаги яширин иқтисодиётнинг улуши юқори (30−40 фоиз) бўлишига олиб келмоқда.

Учинчидан, текшириш ўтказиш ҳолатлари жуда кўп. Умумий овқатланиш корхоналарини 10 дан ортиқ давлат идоралари (солиқ, ёнғин назорати, санитария назорати, меҳнат, ички ишлар органлари, коммунал хизматларни кўрсатувчи корхоналар ва б.) доимий безовта қилади.

Уларни энг кўп текширувчи 3 та идоралар (солиқ, ёнғин назорати, санитария назорати) томонидан 2020−2021 йилларда 8 мингга яқин текшириш ўтказилган. Яъни, ҳар йили ўртача 14,5 фоиз умумий овқатланиш корхоналари текширилган.

Бироқ, сўровда иштирок этган корхоналар вакиллари бошқа фикрни билдиришди, яъни 2,1 минг респондент ҳар ойда деярли 5,5 мингта текшириш ўтказилганлигини таъкидлашди. Демак, уларнинг фаолиятини ноқонуний текшириш ҳолатлари кўп.

Соҳадаги тадбиркорлар уларнинг фаолиятини энг кўп текшириш солиқ органлари томонидан амалга оширилганлигини, кейинги ўринларда санитария ва ёнғин назорати органлари, ички ишлар органлари (асосан, тунда фаолият юритишни тўхтатиш юзасидан) эканлигини билдиришди.

Тўртинчидан, текширишлардаги коррупция ҳолатлари. Фаолиятга оид қонун-қоидалар мураккаб ва текширувчилар кўп бўлиши коррупцияга йўл очиб бермоқда.

Масалан, респондентларнинг 26,4 фоизи (905 нафар) солиқ, 20,3 фоизи (697 нафар) санитария ва 11,3 фоизи (387 нафар) ёнғин назорати органларида коррупция ҳолатларига дуч келишганини, шунингдек, коррупциянинг энг кўп тарқалган тури давлат органлари ходимларига бепул хизмат кўрсатиш эканлигини таъкидлашди.

Бешинчидан, инфратузилма объектларига уланиш ва уларда бўладиган узилишлар. 63,4 фоиз умумий овқатланиш корхоналари фаолиятини бошлашда инфратузилма объектлари билан боғлиқ муаммоларга дуч келишган.

Таъминотдаги узилишлар ҳам улар учун одатий ҳол бўлиб қолмоқда. Жумладан, респондентларнинг 36,3 фоизи (766 нафари) сув таъминотида, 35,2 фоизи (742 нафари) газ таъминотида, 28,5 фоизи (602 нафари) электр таъминотида қийинчиликларга йўлиқишмоқда.

Олтинчидан, ишчиларни норасмий ёллаш. Одатда, ресторан, кафе ва ошхоналарда ошпаз, официант, фаррош каби ишчиларни меҳнат шартномаси тузмасдан оғзаки келишув билан ишга олади. Умумий овқатланиш корхоналарида 300 мингдан ортиқ одам ишласа, уларнинг 200 мингдан кўпи норасмий банд бўлиб, бу ҳолат корхона учун (жаримага сабаб бўлади), ишчи учун (меҳнат ҳуқуқлари кафолатланмайди) ва давлат учун (ижтимоий ва даромад солиқлари тушмайди) ҳам манфаат олиб келмайди.

Жумладан, сўровда иштирок этган корхоналар ўз ишчиларига ойига ўртача 1,8 млн сўм иш ҳақи тўлаб келаётгани инобатга олинса, улардаги норасмий бандлик туфайли давлат бюджетига 1,6 трлн сўмлик (ижтимоий ва даромад солиқлари) қўшимча пул тушмасдан қолган дейиш мумкин.

Вазирликнинг қайд этишича, келтириб ўтилганлар асосий муаммолар ҳисобланиб, бундан ташқари, умумий овқатланиш корхоналар олдида яна бошқа тўсиқлар ҳам бор (озиқ-овқат маҳсулотлари учун нақд пулга эҳтиёжи баланд, ижара харажатлари ва ҳ.к.).

«Мазкур муаммолар соҳанинг тўлиқ потенциал билан ривожланишига салбий таъсир этиб келмоқда. Шу билан бирга, туризм соҳасида катта марраларни олдимизга қўймоқдамиз. Умумий овқатланиш хизматларининг сифати ва ривожланганлиги хорижлик сайёҳларни албатта эътиборини жалб этади! Умумий овқатланиш соҳасидаги мавжуд муаммолар эса „занжир эффекти“ билан туризмнинг ривожини ҳам секинлаштиради», — дейилади таҳлилда.

Шу сабабли, Адлия вазирлиги томонидан ушбу муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, тегишли идораларга тақдим этилди.