11 апрель куни тушга яқин ижтимоий тармоқларда Humo тўлов тизимида узилишлар бўлаётгани тўғрисидаги хабарлар тарқалди. Хабарларда «карталар орқали операциялар амалга ошириб» бўлмаётгани айтилган.

Ҳолат юзасидан Humo тўлов тизими муносабат билдирди. «Бир қатор банк иловаларида Humo карталари билан ишлашда узилишлар кузатилмоқда. Бу муаммо яқин келажакда ҳал қилинади», — дейилган хабарда.

Тўлов тизимининг таъкидлашича, ушбу узилишлар бўйича муаммо барча мобил иловаларга ҳам таъсир қилмаган.

Тўлов тизими терминал ва банкоматлар одатдаги тартибда ишлаётганини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, 5 апрель куни Humo миллий тўлов тизимида маблағларни икки маротаба ечиб олиш ҳолатлари кузатилгани боис, носозлик бартараф этилгунига қадар Humo ўз терминаллари ва тўлов иловалари ишини вақтинча чеклаган эди.