Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 апрель куни «Туман ва шаҳар бюджетлари маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларга йўналтириш жараёнларида фуқаролар иштирокини янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қарорни имзолади (ҳужжат матни «Газета.uz»да бор).

Эслатиб ўтамиз, 2 апрелга ўтар кечаси «Очиқ бюджет» порталида биринчи ярим йиллик учун бюджет таклифлари лойиҳалари бўйича овоз бериш якунланди. Ўзбекистон аҳолиси таклиф қилинган 69,7 минг лойиҳадан 40,2 мингтаси учун 6,72 млн (мамлакат катта ёшдаги аҳолисининг қарийб учдан бир қисми) овоз берди.

Натижада 2215 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, уларни молиялаштириш учун 1,11 трлн сўм йўналтириладиган бўлди. Натижалар эълон қилингандан сўнг, турли вилоятлар аҳолиси ўз лойиҳалари ғалабасини мушаклар, мусиқа ва рақслар билан нишонлай бошлади.

Бироқ президент қарори билан ҳар бири 2000 дан ортиқ овоз олган (жами 480 мингдан ортиқ овоз), лекин овоз бериш жараёнида ғолиб деб топилмаган 139 та лойиҳани молиялаштириш учун қўшимча 85,4 млрд сўм ажратилган. Хусусан, пуллар қуйидагиларга кетади:

  • 76 та мактабни жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш;
  • 23 та маҳаллада ичимлик суви тизимини яхшилаш;
  • 13 та мактабгача таълим муассасасини таъмирлаш ва жиҳозлаш;
  • 5 та соғлиқни сақлаш муассасаларини таъмирлаш ва жиҳозлаш;
  • ва бошқа тадбирлар.

Шу билан бирга, ушбу маблағлар Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорат инспекцияси томонидан 2022 йилда ўтказилган назорат тадбирлари давомида аниқланган ҳуқуқбузарликлар фактлари асосидаги маблағлар ҳисобидан йўналтирилмоқда. Масалан, Давлат молиявий назорати томонидан 2021 йилнинг тўққиз ойида бюджет маблағларининг сарфланишида 728,8 млрд сўмлик молиявий қонунбузарликлар аниқланган. Бюджет интизомини бузиш ҳолатларининг аксарияти соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим, халқ таълими тизимларида, шунингдек, Автомобиль йўллари қўмитасида содир бўлмоқда.

Ҳокимликларга қўшимча ажратилган маблағларни бир кун муддатда Фуқаролик ташаббуси жамғармасига ўтказиш топширилди. Улар ҳар ойнинг охирида, кейинги ойнинг 10-кунига қадар жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган лойиҳаларни молиялаштириш ва амалга ошириш тўғрисидаги ҳисоботларни оммавий ахборот воситалари иштирокида эълон қилишлари шарт.

Бундан ташқари, ҳар чорак якунларига кўра, ҳокимлар Олий Мажлис Сенати олдида лойиҳалар ижроси юзасидан ҳисобот бериб боради.

Ғолиблар рўйхати билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.