Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2021 йилнинг 9 ойида давлат органларида ўтказилган назорат тадбирларида 728,8 млрд сўмлик қонунбузарликлар аниқланди. Қонунбузилиш ҳолатларига доир ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди, дея хабар берди Молия вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, жорий йилнинг ҳисобот даврида аниқланган пул маблағлари ва моддий бойликларнинг камомади ҳамда ноқонуний ўзлаштириш ҳолатлари (83,7 млрд.сўм) 2020 йилнинг 9 ойига (28 млрд.сўм) нисбатан 3 мартага ошган. Ушбу ҳолатларнинг асосий қисми қуйидаги вазирлик ва қўмиталар тизимида аниқланган, жумладан:

  • Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида — 23,3 млрд сўм (2020 йил 9 ойида —13 млн сўм);
  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида — 17,2 млрд сўм (3,9 млрд сўм);
  • Халқ таълими вазирлиги тизимида — 14,4 млрд сўм (15,4 млрд сўм);
  • Мактабгача таълим вазирлиги тизимида — 5,7 млрд сўм (3,8 млрд сўм);
  • Маданият вазирлиги тизимида — 2,7 млрд сўм (1 млрд сўм);
  • Туризм ва спорт вазирлиги тизимида — 1,7 млрд сўм (0,4 млрд сўм);
  • Автомобиль йўллари қўмитаси тизимида — 4,2 млрд сўм (2 млн сўм)
  • Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимида — 2,2 млрд сўм (0,4 млрд сўм);
  • Ҳокимликларнинг ободонлаштириш бошқармаларида — 2,5 млрд сўм (1 млрд сўм).

Шунингдек, ўтказилган назорат тадбирларида 457,7 млрд сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни асоссиз ортиқча тўланиши, қурилиш таъмирлаш ишларида нархларни ошириб қўлланилиши ва бажарилмаган иш ҳажмларини қўшиб ёзиш, товар моддий қийматликларни қиммат нархда харид қилиш каби молиявий хато ва камчиликлар аниқланган. Бундай ҳолатлар 2020 йилнинг 9 ойига (101,4 млрд сўм) нисбатан 4,5 мартага ошган.

Ушбу ҳолатлар асосан қуйидаги вазирлик ва қўмиталар тизимида аниқланган:

  • Халқ таълими вазирлиги тизимида — 61,1 млрд сўм (2020 йил 9 ойда — 25,4 млрд сўм);
  • Мактабгача таълим вазирлиги тизимида — 61,1 млрд сўм (6,9 млрд.сўм);
  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида — 39,1 млрд сўм (17,7 млрд.сўм);
  • Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимида — 27,3 млрд сўм (6,3 млрд сўм);
  • Маданият вазирлиги тизимида — 18,4 млрд сўм (2 млрд сўм);
  • Сув хўжалиги вазирлиги тизимида — 10,7 млрд сўм (3,6 млрд сўм);
  • Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида — 7,4 млрд сўм (0,8 млрд сўм);
  • Туризм ва спорт вазирлиги тизимида — 7,3 млрд сўм (1,8 млрд сўм);
  • Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимида — 7,1 млрд сўм (0,4 млрд сўм);
  • Автомобиль йўллари қўмитаси тизимида — 80,9 млрд сўм (1,4 млрд сўм);
  • Ҳокимиятлар ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияларида — 92,4 млрд сўм (5,6 млрд сўм);
  • Ҳокимликларнинг ободонлаштириш бошқармаларида — 5,6 млрд сўм (3,5 млрд сўм).

Давлат бюджетидан 2019−2021 йилларда сув тежовчи технологияларни жорий этиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун cубсидиялар ажратилишининг қонунийлиги юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида 169,1 млрд сўм қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда сарфлангани аниқланган.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан чорвачилик соҳасига ажратилган 7,9 млрд сўм субсидия маблағлари белгиланган тартибга зид равишда сарфланганлиги аниқланди.

Давлат молиявий назорати департаменти томонидан ҳисобот даврида аниқланган молиявий хато-камчиликлар суммасининг 510,8 млрд сўми бюджетга қайтарилиши таъминланди.

Шу билан бирга, назорат тадбирлари давомида бюджет муассасаларида харажатлар сметаси ва штатлар жадвалига ортиқча режалаштирилган маблағларни қисқартириш ва бошқа ноқонуний харажатларнинг тўхтатилиши ҳисобига жами 365 млрд сўм миқдоридаги бюджет маблағларини асоссиз сарфланишини олди олинди.

Бюджет қонунчилигини бузганлиги учун бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларнинг 15 нафар раҳбар ва бошқа мансабдор шахсларига маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар тузилиб, кўриб чиқиш учун маъмурий судларга юборилди.

Бундан ташқари, 3 847 та назорат тадбирларида аниқланган 724,1 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.