Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдаги йиғилишида Қорақалпоғистон судининг раисини тайинлаш масаласи кўриб чиқилди. Бу ҳақда Жўқорғи Кенгес матбуот хизмати хабар берди.

Судьялар олий кенгашининг Ўзбекистон президенти билан келишилган хулосаси асосида Жўқорғи Кенгес раисининг таклифига биноан, Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси лавозимига Камал Тариховнинг номзоди қўйилди.

Депутатлар мазкур лавозимга Камал Тарихов номзодини маъқуллади. Шунга кўра, уни мазкур лавозимга тайинлаш ва амалдаги суд раиси Гулнара Базарбаевани ишдан бўшатиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси суди матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, Камал Тарихов бунга қадар Қорақалпоғистон суди раисининг фуқаролик ишлари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Эслатиб ўтамиз, Гулнара Базарбаева 2021 йил февраль ойида ушбу лавозимга тайинланганди. Ўшанда Жиноят, иқтисодий ва фуқаролиқ судлари бирлаштирилган эди.