1 апрель куни Москванинг Шелепихинская набережная кўчасида жойлашган «Сердце столицы» турар жой мажмуаси қурилиш майдонида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари оммавий муштлашди. ТАССнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбасига таяниб хабар беришича, 120 киши полицияга олиб кетилган.

«Жабрланганлар йўқ. Можаро иштирокчилари тергов ўтказиш учун ҳудудий ички ишлар бўлимларига олиб кетилди. Ҳодисанинг дастлабки сабаби маишийдир», — дея қўшимча қилди агентлик суҳбатдоши.

«Ҳозирда қўлга олинган шахслар Россия Федерацияси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 20.1-моддаси 2-қисми (майда безорилик) билан маъмурий жавобгарликка тортилган. Суд органлари фуқароларни маъмурий ҳибсга олиш тўғрисида қарор қабул қилди. Полиция ходимлари ҳуқуқбузарларни Россия Федерациясидан депортация қилиш учун судга аризалар тайёрламоқда», — деди ТАССга Россия ИИВ пойтахт бош бошқармаси матбуот хизмати.

Moslenta.ru`нинг маълум қилишича, оммавий жанжалда 60 нафар тожикистонлик ва 70 нафар ўзбекистонлик қатнашган. Ҳодиса акс этган видеони жойлаган Baza Telegram-канали эса видео изоҳида жанжалга тожикистонлик ишчининг ўзбекистонлик ишчини «аҳмоқ» («дурак») деб атагани сабаб бўлганини келтириб ўтган.

«Дунё» ахборот агентлигининг хабар беришича, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси консуллик бўлими вазият назорат остида экани, Россиянинг тегишли тузилмалари билан алоқалар давом эттирилаётганини маълум қилди.

Шу билан бирга, консуллик бўлими жанжалда 120 нафарга яқин киши қатнашгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Бошқа одамлар шунчаки туриб, муштлашувни томоша қилган. «Объект ёпиқ, кўчадан НЎП орқали кирилади», — дейилади хабарда.

Кейинчалик, Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг иш берувчи вакиллари томонидан тақдим этилган маълумотларга таяниб аниқлик киритишича, ҳозирги вақтда 41 нафар тожикистонлик ва 85 нафар ўзбекистонлик меҳнат мигранти ҳибсга олинган. Уларнинг 20 нафарига нисбатан депортация қилиш чораси қўлланиши кутилмоқда.

«Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси Элчихона билан биргаликда ваколатли ташкилотлар орқали мазкур масалани ижобий ҳал этиш чораларини кўрмоқда», — дейилади хабарда.

Агентлик хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган юртдошлардан ушбу давлат қонунларига риоя қилишни, низоли вазиятларга аралашмасликни, муаммоли ёки низоли вазиятларда ваколатли органлар ҳамда мамлакатимизнинг ушбу давлатдаги дипломатик идораларига мурожаат қилишни сўради.