Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги «Газета.uz»да чоп этилган „Интеллектуал мулк ҳимояси ниҳоятда паст“. Компания раҳбарлари — брендларнинг сохталаштирилиши» сарлавҳали мақоласига (рус тилида) жавоб қайтарди.

Эслатиб ўтамиз, мақолада йирик компаниялар вакиллари ўз брендларини қалбакилаштиришдан, бизнесини эса обрўсини йўқотишдан ҳимоя қила оладими ёки йўқми, мамлакат бозорига қалбаки маҳсулотлар кириб келишига қандай чора-тадбирлар қалқон бўлиши кераклиги ҳақида нашримизга айтиб ўтган эди.

Агентлик контрафакт маҳсулотларнинг тарқалишига қарши танқидий фикр билдирган бренд эгаларига ўз миннатдорчилигини билдирди ва ўз навбатида, бу борада расмий нуқтаи назарини билдирди. Агентлик жавоби эътиборингизга тўлиқ ҳолда ҳавола этилмоқда.


Хабарингиз бор, Ўзбекистон президентининг ПҚ-4965-сон қарорига (кейинги ўринларда — қарор) асосан интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш ва амалга оширилаётган ишларнинг манзиллилигини таъминлаш мақсадида агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Интеллектуал мулк ҳимояси марказлари ташкил этилди. Ҳозирги кунда ушбу марказлар ходимлари томонидан мунтазам равишда республикамизда жойлашган бозорлар, йирик савдо мажмуалари ва кўчма савдо нуқталарида контрафакт маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ва сотилишига қарши курашиш бўйича профилактика тадбирлари олиб борилиши йўлга қўйилди.

Жумладан, 2022 йилнинг биринчи чорагида республикамизда жойлашган бозорлар, йирик савдо мажмуалари ва савдо дўконларида контрафакт маҳсулотларнинг тарқалишини олдини олиш бўйича 66 та профилактика кузатув тадбирлари ўтказилди. Мазкур профилактика кузатув тадбирлари давомида 1000 дан ортиқ контрафакт маҳсулотларнинг турлари аниқланди. Жумладан, республикамизда фаолият юритаётган 16601 та дорихонларнинг деярли барчасида 500 дан ортиқ контрафакт дори воситаларининг турлари сотилаётганлиги аниқланди. Биргина 2022 йилнинг январь-март ойлари давомида контрафакт маҳсулотларни ишлаб чиқарган ва сотган шахсларга нисбатан ҳуқуқбузарлик ҳолатидан келиб чиқиб, 568 тасига огоҳнома, 127 тасига тақдимнома, 27 тасига маъмурий ҳуқуқбузалик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилди ва уларни 11 тасига тегишли судлар томонидан қаноатлантирилиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан жарима жазолари белгиланди.

Хусусан, ижтимоий тармоқларда тарқалган «Крафт Фудс Рус» (Россия) масъулияти чекланган жамиятига тегишли «Alpen Gold» жамлама товар белгили маҳсулотининг «Aybon Gold» номли контрафакт нусхаси «M/E» масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқарилаётганлиги ҳолати бўйича жамият раҳбари агентликка чақиртирилган ҳолда тушунтириш ва огоҳлантириш йўли билан контрафакт маҳсулот ишлаб чиқарилишининг тўхтатилишига эришилди.

Шунингдек, мазкур тадбирлар жараёнида 300 дан ортиқ ишлаб чиқарувчиси номаълум бўлган сохта маҳсулотлар ҳам аниқланди. Жумладан, Германиянинг «Knauf Gips KG» компаниясига тегишли «Knauf» товар белгили маҳсулотининг «Knay» номли контрафакт нусхалари, Германиянинг «Adidas AG» компаниясига тегишли «adidas» товар белгили маҳсулотининг «abibas» каби контрафакт нусхалари аниқланиб, ишлаб чиқарувчисини топиш ва чора кўриш учун «хуфёна иқтисодиёт» шаклланишининг ҳолатларини аниқлаш бўйича чоралар кўриш, яширин ишлаб чиқариш, контрафакт маҳсулотларни реализациясига чек қўйиш бўйича ваколатли давлат органи — Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига тақдим этилди.
Бундан ташқари, республикамиз шаҳарларида жойлашган хизмат кўрсатиш объектларида 50 дан ортиқ фирма номлари ва хизмат кўрсатиш белгиларидан ҳуқуқ эгасининг розилигисиз фойдаланаётганлиги ҳолатлари аниқланиб, ташкилот раҳбарларига нисбатан агентлик томонидан интеллектуал мулк соҳасида аниқланган қонун бузилишлари, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритилиб, хизмат кўрсатиш белгилари хизмат кўрсатиш объектлари пештахталаридан олиб ташланди.

Жумладан, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳридаги хизмат кўрсатиш объектларида АҚШнинг «Kentucky Fried Chicken International Holdings LLC» компаниясига тегишли бўлган «KFC» сўз кўринишидаги хизмат кўрсатиш белгисига ўхшаш бўлган «KFC» сўзидан, шунингдек «KNAUF GIPS BUXARA» ХКга тегиш фирма номидан Наманган вилоятида «KNAUF ROTBAND» номли фирма томонидан ҳуқуқ эгасининг розилигисиз фойдаланиб келаётганлиги ҳолатлари аниқланиб, агентликнинг тақдимномасини киритиш орқали ҳуқуқбузарликлар бартараф қилинди.

Шу билан бирга, контрафакт маҳсулотларнинг инсонлар соғлиғига жиддий зиён етказиши мумкинлиги, контрафактдан ҳалол тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган тадбиркорларнинг жиддий зиён кўриши, шунингдек, контрафакт маҳсулот ишлаб чиқарганлик учун қонунчиликда белгиланган жавобгарлик чоралари тўғрисида республикамиздаги жойлашган марказий бозорлар, савдо мажмуаларида радиоузеллар орқали доимий равишда савдогар ва харидорларга тушунтириш ишларини олиб бориш йўлга қўйилди.

Шунингдек, агентлик томонидан кузатув профилактика тадбирларида аниқланган контрафакт маҳсулотларнинг каталоги яратилди. Ушбу каталогда ҳар бир соҳа (озиқ-овқат, дори-дармон, парфюмерия ва бошқалар) бўйича контрафакт товарларнинг маълумотлари акс этиб, бунда истеъмолчига мазкур каталог орқали қайси маҳсулот контрафакт ёки контрафакт эмаслигини аниқлаш имкони яратилган.


Ушбу каталог ҳозирги кунга қадар бутун республика ҳудудида жойлашган бозорлар, йирик савдо мажмуалари, кўчма савдо нуқталари ва дорихоналарга 10 минг нусхада тарқатилди. Шунингдек, каталогни тарқатиш билан бирга ҳар бир маҳсулот сотувчи (тадбиркор)га мазкур каталогдаги контрафакт маҳсулотларни сотмаслиги ҳамда унинг зарарли оқибатлари, уни сотиш натижасида истеъмолчиларнинг соғлиғига жиддий зарар етганда сотувчи ҳам жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришлар берилди.

Ҳозирда агентлик томонидан контрафактли ва контрафактсиз ҳудуд лойиҳалари ҳам амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган мақсад ҳар бир савдо фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъекти агентлик томонидан тақдим этилган контрафакт маҳсулотлар каталогига мувофиқ контрафакт маҳсулотларни сотишни тўхтатса, контрафактсиз ҳудудга киритилади ҳамда мазкур тадбиркорга махсус стикер тақдим этилади, акси бўлса контрафактли ҳудудга киритилади. Албатта, бу ҳар икки ҳолат ҳусусиятидан келиб чиқиб, тадбиркорларнинг савдо имиджига ижобий ёки салбий таъсир кўрсатади. Ўз ўрнида ҳар бир истеъмолчи ҳам қайси ҳудудда контрафакт маҳсулотлар сотилиши ёки сотилмаслиги ҳақида маълумотларга эга бўлади ва онгли равишда эркин танлов қилади.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда интеллектуал мулк соҳаси билан боғлиқ низолар ошиб бормоқда. Бу ҳолат агентлик томонидан олиб борилаётган аҳолининг интеллектуал мулк ҳуқуқи соҳасидаги ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларининг натижаси десак муболаға бўлмайди. Бунга мисол тариқасида Адлия вазирлигининг Апелляция кенгаши томонидан (интеллектуал мулк соҳасидаги низоларни кўриб чиқувчи судгача орган) 2021 йил давомида 117 та иш ҳужжатлари кўриб чиқилган. Улардан 109 таси товар белгиси, 4 таси ихтиро, 2 таси саноат намунаси ва 2 таси селекция ютуқлари бўйича. 2022 йил март ойигача Апелляция кенгаши томонидан 32 та иш ҳужжатлари кўриб чиқилган. Улардан 28 таси товар белгиси, 1 таси ихтиро, 2 таси саноат намунаси ва 1 таси фойдали модель бўйича апелляция ишларидир. Бу эса, ўз навбатида интеллектуал мулк ҳуқуқининг нуфузи ва ҳуқуқ эгаларининг ҳуқуқий онги ошаётганидан далолат беради.

Шуни тан олишимиз керакки, мамлакатимизда интеллектуал мулк ҳуқуқининг давлат томонидан ҳимоя қилиниши ривожланган давлатларники каби юқори даражада эмас.
Бунга сабаблар:

  • йиллар давомида интеллектуал мулк ҳуқуқи соҳасига жиддий эътибор қаратилмаганлиги натижасида аҳолининг мазкур соҳада ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти етарли даражада шаклланмаганлиги;
  • давлат органларининг интеллектуал мулк ҳимояси соҳасидаги вазифалари аниқ белгилаб берилмаганлиги натижасида интеллектуал мулк ҳимояси соҳасидаги ишларнинг ўзаро сансалорликка юз тутиши;
  • интеллектуал мулк соҳаси бўйича ваколатли давлат органларининг интеллектуал мулк ҳимояси соҳасида вазифаларидан келиб чиқиб тегишли қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштирмаганлиги натижасида эскирган қонунчилик нормалари бугунги кундаги инновациялашган муҳитни қамраб ололмаслиги;
  • судлар томонидан интеллектуал мулк ҳуқуқи соҳасига оид ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқилишида судьяларнинг соҳага оид етарли билим ва куникмаларга эга эмаслиги натижасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни асоссиз рад этилиши ёки жуда кам миқдорда жарима қўлланиши;
  • қонунчиликда интеллектуал мулк ҳуқуқи соҳасига оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жарима жазосининг миқдори камлиги натижасида ҳуқуқбузарларнинг интеллектуал мулк ҳуқуқи соҳасига оид ҳуқуқбузарликларни такрор содир этишдан чўчимаслиги;
  • аҳолининг истеъмоли ва фойдаланиши учун зарур бўлган маҳсулотларга давлат томонидан ишлаб чиқарилишига рўхсат берилишида интеллектуал мулк ҳуқуқларига риоя қилиниши механизми қонунчиликда белгиланмаганлиги;
  • товар белгисидан қонунга хилоф равишда фойдаланаётган шахс, тайёрлаб қўйилган товар белгиси тасвирларини йўқ қилиши, қонунга хилоф равишда фойдаланаётган товар белгисини ёки алмаштириб юбориш даражасида унга ўхшаш бўлган белгини товардан ёки унинг идиши ва ўровидан йўқотиши шарт ёки тегишли товар йўқ қилиб ташланиши лозимлиги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1107-моддаси белгилаб қўйилган бўлсада, бироқ унинг амалиётда ишлаш механизми яратилмаганли каби ҳолатлардир.

Юқоридаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда келажакда интеллектуал мулк соҳасини янада такомиллаштириш мақсадида агентлик ва соҳасдаги мутассади вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда қуйидагиларни назарда тутувчи:

— мамлакатимиз ҳудудига контрафакт маҳсулотлар кириб келишини ва уни реализациясини олдини олиш юзасидан давлат божхона хизмат органлари ваколатини кучайтириш;

— сертифактлаштирувчи ва рухсат берувчи органлар томонидан товар ҳамда маҳсулотларга тегишли рухсатнома беришда интеллектуал мулк ҳуқуқига риоя қилиш ишларини кучайтириш;

— интеллектуал мулк ҳуқуқи бузилиш бўйича етказилган зарар ўрнин қоплаш ва контрафакт маҳсулотларни йўқ қилиш механизмини яратиш бўйича ўрганишлар олиб борилмоқда.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлашимиз жоизки, интеллектуал мулк соҳасидаги қонунчилик нормаларини такомиллаштириш билан бирга интеллектуал мулк ҳуқуқ эгаларининг, умуман жамиятнинг ҳуқуқий онгининг ошиши интеллектуал мулк ҳимоясининг янада такомиллашишига хизмат қилади. Жамиятимизда ҳали ҳам интеллектуал мулк соҳасига оид ҳуқуқбузарликларга нисбатан таъсир чораларнинг қўлланишига нисбатан «тадбиркорликни бўғиш», «тадбиркорлар фаолиятига аралашиш», «ижод эркинлигини чеклаш (ковер)», «арзимаган нарса учун жаримами?» деб баҳоланиб, уларда норозилик кайфияти мавжуд. Ваҳоланки, интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилганидан норози бўлиб мурожаат қилаётган томон ҳам тадбиркор эканлиги, интеллектуал мулк ҳам шахсий, моддий мулк каби давлат томонидан ҳимояси кафолатланганлигини ҳали ҳалқимиз тушуниб етгани йўқ. Шу боис, агентлик ва унинг ҳудудий марказлари томонидан интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга нисбатан кескин чоралар кўришдан тийилиб, босқичма-босқич тушунтиришлар, огоҳлантиришлар берилиб, энг охирги чора сифатида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилмоқда.

Интеллектуал мулк ҳуқуқ эгалари ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини англаган ҳолда ҳуқуқлари бошқа шахслар томонидан бузилганда давлат органидан ташаббус кутмай туриб, ўзлари ташаббус билан тегишли давлат органига мурожаат қилишса, тегишли давлат ташкилотининг вазифасини лозим даражада бажаришига ҳамда интеллектуал мулк ҳимоясининг такомиллашишига ҳам ҳисса қўшган бўлади. Мисол учун, «Knauf Gips Buxoro» ХКнинг 2020 йилдаги мурожаатига мувофиқ «KNAUF» фирма номидан ҳуқуқ эгасининг рухсатисиз фойдаланиб келаётганлиги ҳолати бўйича Наманган вилоятида жойлашган «KNAUF ROTBAND» МЧЖ ва Фарғона вилоятида жойлашган «KNAUF KOKAND» МЧЖга Агентликнинг тақдимномасини киритилиб, ҳуқуқбузарликлар бартараф қилинган.

Ҳозирги кунда ҳам «Knauf Gips Buxoro» ХКнинг «KNAUF» товар белгили маҳсулотининг контрафакт нусхаси тарқалганлик ҳолати бўйича «Knauf Gips Buxoro"ХК вакиллари билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.

Ижтимоий тармоқлар орқали ҳуқуқ эгалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар томонидан кенг оммага ҳавола этилган ҳар бир чиқиш ҳалқнинг ҳуқуқий онгини оширишга, контрафакт маҳсулотларга қарши курашиш бўйича жамоатчилик назоратининг ўрнатилишига, жамиятда интеллектуал мулкка нисбатан ҳурмат ҳиссини шакллантиришга хизмат қилади. Агентлик бу соҳада ҳуқуқ эгалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерларга ўз миннатдорчилигини билдирган ҳолда улар томонидан билдирилган ҳар қандай танқидий фикрларни тўғри қабул қилади ва соҳани ривожлантириш бўйича ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилади.

Зеро, интеллектуал мулкнинг ҳимоясига нисбатан жамоатчилик назорати кучаймас экан, миллий маҳсулотларимиз дунёнинг ривожланган давлатлари маҳсулотларига нисбатан рақобатбардош бўлолмайди.