Forbes нашри 2022 йил учун дунёнинг энг бой инсонлари рўйхатини эълон қилди. Унга кўра, SpaceX ва Tesla’нинг асосий акциядори Илон Маск 219 млрд доллар билан биринчи ўринни эгаллади. Шундай қилиб, Илон Маск илк марта Forbes’нинг йиллик миллиардерлар рўйхатида биринчи ўринни эгаллади.

Иккинчи ўринни эса Amazon компанияси асосчиси Жефф Безос 171 млрд доллар билан банд этди. Унинг бойлиги 2021 йилдагидан 6 млрд долларга камайган.

Louis Vuitton Moët Hennessy компаниялар гуруҳи президенти Бернард Арно эса 158 млрд долларлик бойлиги билан учинчи ўриндан жой олди. Унинг бойлиги 2021 йилдагига нисбатан 8 млрд долларга ошган.

Forbes бўйича Топ-10 миллиардерлар

  1. Илон Маск, 50 ёшда, АҚШ, 219 млрд доллар (2021 йилдагига нисбатан 68 млрд долларга ошган), Tesla, SpaceX;
  2. Жефф Безос, 58 ёшда, АҚШ, 171 млрд доллар (-6 млрд доллар), Amazon;
  3. Бернар Арно, 73 ёшда, Франция, 158 млрд доллар (+8), LVMH;
  4. Билл Гейтс, 66 ёшда, АҚШ, 129 млрд доллар (+5), Microsoft;
  5. Уоррен Баффет, 91 ёшда, АҚШ, 118 млрд доллар (+22), Berkshire Hathaway;
  6. Ларри Пейж, 49 ёшда, АҚШ, 111 млрд доллар (+19,5), Google;
  7. Сергей Брин, 48 ёшда, АҚШ, 107 млрд доллар (+18), Google;
  8. Ларри Эллисон, 77 ёшда, АҚШ, 106 млрд доллар (+13), Oracle;
  9. Стиб Балмер, 66 ёшда, АҚШ, 91,4 млрд доллар (+22,7), Microsoft;
  10. Мукеш Амбани, 64 ёшда, Ҳиндистон, 90,7 млрд доллар (+6,2), Reliance Industries.

Дунёнинг Топ-10 миллиардер аёллари:

  1. Франсуаза Беттанкур Майерс, 68 ёшда, Франция, 74,8 млрд доллар, L’Oréal асосчисининг набираси, умумий рейтингдаги ўрни — 14:
  2. Элис Уолтон, 72 ёшда, АҚШ, 65,3 млрд доллар, Walmart асосчисининг ягона қизи, умумий рейтингдаги ўрни — 18;
  3. Жулиа Кох, 59 ёшда, АҚШ, 60 млрд доллар, Koch Industries асосчилари оиласининг фарзанди Давид Кохнинг беваси, умумий рейтингдаги ўрни — 21;
  4. Маккензи Скотт 51 ёшда, АҚШ, 43,6 млрд доллар, Amazon асосчиси Жефф Безоснинг собиқ рафиқаси, умумий рейтингдаги ўрни — 30;
  5. Жаклин Марс, 82 ёшда, АҚШ, 31,7 млрд доллар, Mars компанияси асосчисининг набираси, умумий рейтингдаги ўрни — 41;
  6. Жина Райнҳарт, 68 ёшда, Австралиянинг энг бой фуқароси, 30,2 млрд доллар, Hancock Prospecting, умумий рейтингдаги ўрни — 46;
  7. Мириам Адельсон, 76 ёшда, АҚШ, 27,5 млрд доллар, Las Vegas Sands компанияси собиқ директорининг беваси , умумий рейтингдаги ўрни — 50;
  8. Сьюзан Клаттен, 59 ёшда, Германия, 24,3 млрд доллар, BMW компанияси асосчилари оиласининг фарзанди, умумий рейтингдаги ўрни — 56;
  9. Айрис Фонтбона, 79 ёшда, Чили, 22,8 млрд доллар, чилилик тоғ-кон магнати, ОАВлар эгаси, миллиардер Андронико Луксиканинг беваси, умумий рейтингдаги ўрни — 67;
  10. Эбигейл Жонсон, 60 ёшда, АҚШ, 21,2 млрд доллар, Fidelity Investments собиқ директорининг қизи ва ҳозиргача отасининг ўрнида ишлайди, умумий рейтингдаги ўрни — 75.

Олдинги рейтингларда Топ-10'таликда бўлган Facebook асосчиси Марк Цукерберг бу сафар ушбу рейтингга киролмади.

Дунёнинг энг ёш аёл миллиардери 25 ёшли Александра Андресен бўлиб, унинг бойлиги 1,3 млрд долларни ташкил қилди. Энг ёш эркак миллиардер эса 19 ёшли Кевин Давид Леманн бўлди ва унинг бойлиги 2,4 млрд долларга тенг.

Шунингдек, USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов ушбу рўйхатда 167-ўринга тушиб кетди (Россия бўйича 7-ўрин). Алишер Усмоновнинг бойлиги бир йил ичида 18,4 млрд доллардан 11,5 млрд долларга камайган. Унинг бойлиги камайишига асосий сабаб тадбиркор Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи санкцияларига учрагани бўлди.

Бундан ташқари, Россиянинг энг бой Топ-15'талигига кирувчи барча тадбиркорларнинг бойлиги камайган. Рус тадбиркорлари орасида Telegram асосчиси Павел Дуров энг кам йўқотишга учради. Унинг бойлиги 2,1 млрд долларга камайган бўлса-да, у 15,1 млрд доллар билан Россия миллиардерлари рейтингида 3-ўринга кўтарилди.

Уруш, пандемия ва сустлашган бозорлар бу йил дунё миллиардерларига зиён келтирди, дейилади Forbes нашри хабарида.

Forbes’нинг бу йилги дунёнинг энг бой одамлари рейтингидан 2668 нафар миллиардерлар жой олди. Ушбу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 87 нафарга камайган. Уларнинг умумий бойлиги эса 12,7 трлн долларни ташкил қилди, бу 2021 йилга нисбатан 400 млрд долларга пастроқдир.

Энг кескин пасайиш Россияда содир бўлди. Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан мамлакатда миллиардерлар сони ўтган йилга нисбатан 34 тага кам бўлган. Шунингдек, Хитой ҳукумати технологияга қарши кескин чоралар кўргани сабабли рўйхатда 87 нафар хитойлик миллиардер камайди.

Шундай бўлса-да, йил давомида 236 нафар янги миллиардерлар пайдо бўлди. Улар орасида 34 ёшли поп юлдузи Rihanna (1,7 млрд доллар) ҳам бор. Fenty Beauty косметика линияси ва Savage X Fenty ички кийим бизнесидаги улушлари унинг Барбадосдаги биринчи миллиардерга айланишига ёрдам берган .Шу билан бирга, «Узуклар ҳукмдори» кинотрилогияси режиссёри Питер Жексон (1,5 млрд доллар) 2021 йил ноябрь ойида Weta рақамли фильм эффектлари дўконидаги улушини Unity Software компаниясига 975 млн долларга сотгани ортидан миллиардерга айланди.

Дунёнинг энг кўп миллиардерлари яшайдиган Топ-5 шаҳар

#1- Нью-Йорк, АҚШ.

Фото: РИА Новости

  • Миллиардерлар сони: 106 киши;
  • Умумий бойлиги: 638,4 млрд доллар.

#2 — Пекин, Хитой

Фото: Olympics.com

  • Миллиардерлар сони: 83 киши;
  • Умумий бойлиги: 310 млрд доллар.

Фото: Reuters

  • Миллиардерлар сони: 67 киши;
  • Умумий бойлиги: 300,7 млрд доллар.

#4 — Лондон, Буюк Британия

Фото: РИА Новости

  • Миллиардерлар сони: 65 киши;
  • Умумий бойлиги: 323 млрд доллар.

Фото: Wikipedia

  • Миллиардерлар сони: 61 киши;
  • Умумий бойлиги: 187 млрд доллар.

Топ-10'ликдан шунингдек, Шеньчжень (Хитой), Москва (Россия), Мумбай (Ҳиндистон), Сан-Франциско ва Сеул (Жанубий Корея) шаҳарлари ҳам жой олган.

АҚШ ҳамон дунёдаги энг кўп миллиардерга эга мамлакат бўлиб қолмоқда. Мамлакатдаги 735 миллиардернинг умумий бойлиги 4,7 трлн долларга тенг. Хитой (шу жумладан, Макао ва Гонконг) иккинчи ўринни эгаллаб турибди, 607 миллиардернинг умумий бойлиги 2,3 трлн долларни ташкил қилган.

Рейтингни тузишда 2022 йил 11 мартдан бошлаб биржа нархлари ва валюта курсларидан фойдаланилган.