Навоий давлат кончилик институти давлат кончилик ва технологиялар университети этиб қайта ташкил этилди. Самарқандда эса давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети очилди. Бу ҳақда президентнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Жумладан, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети фаолиятида асосий йўналишлар этиб саноат, техника-технология, муҳандислик соҳалари учун олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш белгиланган.

Шунингдек, университет етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни амалга оширади. Таълим жараёнига илғор педагогик ва масофавий таълим технологияларини, илм-фан ва техниканинг янги ютуқларини жорий этади. Саноат ташкилотларининг муаммоларини ечиш учун илмий, амалий ва инновацион тадқиқотларни ривожлантиради, илғор технологияларни амалиётга жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.

Қолаверса, университет профессор-ўқитувчилар нуфузли республика ва хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот марказларида стажировка ва малака оширади.

Университет ҳузурида қуйидагилар ташкил этилади:

  • Навоий давлат кончилик институтининг Нукус филиали негизида — Нукус кончилик институти;
  • «Навоий» илмий-технология саноат парки;

2022/2023 ўқув йилида:

  • Навоий давлат педагогика институти ҳузуридаги Кармана хизмат кўрсатиш ва сервис техникуми негизида — Кармана политехника техникуми;
  • «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси тизимидаги Нурота саноат-кончилик коллежи негизида — Ғозғон политехника техникуми.

Навоий давлат кончилик институти ҳузуридаги Учқудуқ саноат техникуми ва Зарафшон саноат техникуми университет ҳузурига ўтказилади. Унинг ҳузуридаги техникумларда саноат, кончилик, металлургия, машинасозлик, қурилиш, энергетика, электротехника, хизмат кўрсатиш каби йўналишларда кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.

Кармана хизмат кўрсатиш ва сервис техникуми ҳамда Нурота саноат-кончилик коллежида таълим олаётган ўқувчилар ўқишни битиргунларига қадар мазкур таълим муассасаларида амалдаги таълим дастурлари бўйича ўқишини давом эттиради.

Университет ўз ҳузуридаги таълим муассасаларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Шунингдек, Навоий давлат кончилик институти ва унинг Нукус филиали талабалари ўқишини тегишлилиги бўйича университет ва унинг ҳузуридаги Нукус кончилик институтида давом эттиради. Навоий вилояти ҳокимлиги «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ, «Навоийазот» АЖ, «Навоий иссиқлик электр станцияси» АЖ, «Навоийуран» ДК ва ҳудуддаги бошқа саноат корхоналари билан биргаликда университетнинг бакалавриат босқичи юқори курс талабаларини ва магистрантларини иш ҳақи тўланадиган тизим орқали банд қилади ва амалиёт ўташ даврида ҳақ тўлайди.

Бундан ташқари, ОТМда бошқарув кенгаши ташкил этилади ва унга «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ бошқарув раиси Қувондиқ Санақулов раҳбарлик қилади.

Кенгаш университетнинг яқин, ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган ривожлантириш дастурини, молиявий йил учун мўлжалланган бизнес-режасини, даромад ва харажатлар параметрларини тасдиқлаш ҳамда уларнинг ижросини назорат қилади. Таълим жараёнининг амалиёт билан уйғунлигини, хусусан, талабаларнинг ўқув жараёнида олган назарий билимлари ишлаб чиқариш амалиёти билан узвий боғлиқлигини таъминлайди. Фанлар академияси илмий муассасалари ва тармоқ илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда илмий мактабларни ривожлантиради.

Шунингдек, илмий-тадқиқот ва ишланмалар трансфери жараёнларини ривожлантириш ҳамда илмий-тадқиқот ва инновацион ишланмалар бўйича буюртмачилар билан манфаатли ҳамкорлигини ўрнатади ва таълим ва тадқиқот жараёнларига инвестицияларни жалб этиб, илмий маҳсулотларни тижоратлаштиради.

Бошқарув кенгаши таълим ва илмий-тадқиқот жараёнларига жалб этилган хорижий мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб белгилайди. Назарий таълим улушини қисқартириб, амалий машғулотлар ҳажмини оширади ҳамда ҳафтада бир кунлик амалиёт тажрибасини қўллайди. Университет ректори ва проректорларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш бўйича тақдимнома киритади. Тасарруфидаги таълим ташкилотлари тузилмаларини тасдиқлайди.

Университетнинг ташкилий тузилмасига бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган янги лавозим ва таркибий бўлинмалар ҳамда қўшимча штат бирликларини жорий этади.

Университетга бериладиган ҳуқуқлар:

  • ТОП 1 000 таликка кирган хорижий олий таълим муассасасининг дастури асосида ўз таълим дастурларини шакллантириш;
  • Университет фаолияти йўналишлари бўйича маслаҳат ва эксперт-таҳлилий хизматларни шартнома асосида кўрсатиш, шунингдек, тақдим этиладиган хизматларни самарали амалга ошириш учун илмий-тадқиқот ва инновацион хизмат кўрсатувчи корхоналарни ташкил этиш;
  • хорижий мутахассисларни жалб қилиб, уларга Бошқарув кенгаши томонидан белгиланган миқдорда университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ойлик маош ва бошқа тўловларни тўлаш;
  • профессор-ўқитувчиларни ўқув-методик, илмий-тадқиқот ишлари ва «устоз-шогирд» тизими бўйича бажарган ишларининг натижаси бўйича рағбатлантириб бориш.

Эслатиб ўтамиз, университет фаолияти Давлат бюджети маблағлари, тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, хўжалик фаолияти ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар, грантлар ва ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан

Қарор ижросини самарали ташкил қилишга олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошкулов ва «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ бошқарув раиси — бош директори Қувондиқ Санақулов масъул ва шахсий жавобгар этиб белгиланди.

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида ветеринария, чорвачилик, биотехнология, агротехнология, агроиқтисодиёт тармоқлари учун олий маълумотли кадрлар тайёрланади.

Университетга соҳада 5 йиллик стажга эга ходимлар тавсиянома асосида ўқишга тавсия этилганда, тўлов-контракт миқдори кундузги таълим йўналишидаги тўлов-контракт (стипендиясиз) миқдорига тенглаштирилади.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги 2022−2023 ўқув йилидан бошлаб ветеринария ва биотехнология йўналишлари бўйича нуфузли хорижий ОТМларда бакалавриат, магистратура ва докторантура таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш учун «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиялари ҳисобидан ҳар йили алоҳида квота ажратади. Ундан фойдаланган талабалар камида 3 йил давомида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг тизим ташкилотларида ишлаб беради.

Қарорга кўра, университет Бошқарув кенгаши таълим йўналишлари ва мутахассисликлар учун таълим давомийлиги муддатларини белгилайди. Муассаса Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси тизимида фаолият юритади.

Унинг таркибида Ветеринария клиникаси ва касалликлар диагностикаси технопарки ташкил этилди.

Қолаверса, Қарши ирригация ва агротехнологиялар институтида 2022/2023 ўқув йилидан «Чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш технологияси» таълим йўналишида ҳам кадрлар тайёрланади. Қамаши хизмат кўрсатиш техникуми негизида Қамаши ветеринария медицинаси техникуми очилди. 2022/2023 ўқув йилидан ветеринария ва биотехнология йўналишлари учун «Эл-юрт умиди» жамғармасидан ҳар йили алоҳида квота ажратилади.