25 март куни Нур-Султон шаҳрида Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) контрразведкаси Қозоғистон президентига суиқасд уюштиришни режалаштираётган «хорижий разведка агенти»ни қўлга олди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Хавфсизлик ташкилоти ушбу шахсни «агент А» деб атамоқда. Унинг Қозоғистон фуқароси экани маълум қилинди.

Шу билан бирга, у президентга суиқасддан ташқари, бир қатор махсус ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига қарши террорчилик ҳаракатларини амалга ошириб, айрим юқори мартабали давлат хизматчиларига суиқасд қилишни режалаштирган.

Тинтув чоғида «агент А»дан снайпер милтиғи, гиёҳванд моддалар ва катта миқдордаги пул топилиб, мусодара қилинган. Қурол-яроғ Қозоғистон ҳудудига қисмларга бўлиб профессионал ниқобланган ҳолда олиб келинган, дейилади КНБ хабарида.

Фото: Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизмати

Бундан ташқари, «агент А» ижтимоий тармоқларда тегишли материалларни чоп этиш орқали Қозоғистонда Россияга қарши ташвиқот олиб бориш ва жамиятда русофобик қарашларни шакллантириш вазифаларини олгани айтилди.

Дастлабки тергов давомида ушбу Қозоғистон фуқароси юқорида кўрсатилган қилмишларни хорижий давлатнинг кўрсатмаси ва манфаатларини кўзлаб содир этганлигини тан олган.

Ҳозирда унга нисбатан Қозоғистон Жиноят кодексининг 255-моддаси, 4-қисми (терроризм акти) ва 24-моддаси, 1-қисми (жиноят ва суиқасдга тайёргарлик) бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.