2021 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари (ПҚ-5041) доирасида ажратилган 2,8 трлн сўмлик кредитлар муаммоли ҳолатда экани аниқланган. Бу ҳақда Ҳисоб палатаси 2021 йил ҳисоботида айтилган, дея маълум қилди Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев.

Хусусан, Навоий вилоятида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 1 трлн сўмлик кредитлар мақсадсиз ишлатилган. Депутатнинг ёзишича, «Халқ банки» Нурота филиали ходими томонидан укаси ва турмуш ўртоғининг номига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури бўйича 6 та кредит шартномаси билан 136 млн сўм кредит ажратилиб, мақсадсиз ишлатилган.

Бундан ташқари, Навоий вилоятида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 20 нафар жисмоний шахсга ажратилган 2,2 млрд сўмлик муаммоли кредитлар ўрганилганда, уларнинг 13 нафарига ажратилган кредитлар мақсадсиз ишлатилгани аниқланган. Хусусан, ўзаро алоқадор 3 нафар фуқарога 51 та кредит шартномаси билан ажратилган 867 млн сўм кредитлар мақсадсиз сарфланган.

Шу билан бир қаторда, ипотека учун бюджетдан ажратилган 1,1 трлн сўмлик субсидиялардан 7959 та уй-жой учун бор-йўғи 240,5 млрд сўми фойдаланилган.

Маълумот учун, 1 январь ҳолатида тадбиркорликни ривожлантириш учун ажратилган кредитлар қолдиғи 11,3 трлн сўмга тенг бўлган.