1 март ҳолатига кўра, Ўзбекистон тижорат банкларининг кредит портфелидаги муаммоли кредитлар (NPL) улуши 5,3 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк маълумотларида маълум қилинди.

Февраль ойида банкларнинг муаммоли кредитлари миқдори 265 млрд сўмга пасайиб, 17 трлн 212 млрд сўмга тенг бўлди. Бунда «Ипотека-банк» (-180 млрд сўм), «Ўзсаноатқурилишбанк» (-85 млрд сўм), «Халқ банки» (-71 млрд сўм) муаммоли кредитларининг бир қисмидан қутулишга эришгани асосий роль ўйнади.

Давлат улуши мавжуд банкларнинг кредит портфелидаги NPL миқдори 15 трлн 290 млрд сўмгача камайди.

Февраль ойида муаммоли кредитларнинг ўсиши «Асакабанк» (+72 млрд сўм), «Қишлоққурилишбанк» (+39 млрд. сўм) ҳамда «Агробанк» (+32 млрд. сўм) ҳисобига тўғри келди.

Ўзбекистон банкларининг муаммоли кредитлари динамикаси. Фото: Bankers.uz

Шунингдек, ой давомида хусусий банклар кредит портфелида NPL миқдори 33 млрд сўмга камайиб, 1 трлн 922 млрд сўмни ташкил қилди. Tenge Bank (-77 млрд. сўм), «Трастбанк» (-41 млрд. сўм) ва Hamkorbank (-20 млрд сўм) каби банкларда NPL миқдори камайди. Шу билан бирга, Asia Alliance Bank (+50 млрд. сўм), Капиталбанк (+39 млрд. сўм), «Ипак Йўли» банки (+14 млрд. сўм), Universal bank (+12 млрд. сўм), Madad invest bank (+11 млрд сўм) кредит ташкилотларида муаммоли кредитларнинг улуши ортган.

NPL’нинг жами кредитлардаги улуши энг юқори бўлган банк Hi-Tech (92,94%) ҳисобланади. Ундан кейинги ўринларни «Туркистон банк» (69,1%) ва «Ўзагроэкспортбанк» (55,7%) «Равнақбанк» (21,4%), Халқ банки (19,5%), Madad invest bank (18,5%), Asia Alliance Bank (13,2%) «Савдогарбанк"ларнинг (11,6%) кредит портфелида NPL улуши юқорилигича қолаётгани қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, 1 февраль ҳолатида Ўзбекистон банкларининг кредит портфелидаги муаммоли кредитлар (NPL) улуши 5,4 фоиз ёки 503 млрд сўмга кўпайганди.