Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) Ўзбекистон билан 108 млн долларлик кредит шартномасини имзолади, деб хабар бермоқда банк матбуот хизмати. Ҳужжатни Тошкент инвестиция форуми доирасида ОИИБ вице-президенти Константин Лимитовский ҳамда инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков имзолади.

Маблағлар Бухоро, Мискин, Урганч ва Хива шаҳарларини боғловчи 465 километрлик темир йўл линиясини электрлаштиришга йўналтирилади ҳамда уларда Afrosiyob тезюрар поездлари ҳаракатланади. Аввалроқ ушбу лойиҳа учун Осиё тараққиёт банки 162 миллион доллар ажратган эди.

Лойиҳа ниҳоясига етгач, ундан соатига 250 километр тезликда ҳаракатланувчи тезюрар поездлар қатновини йўлга қўйиш, Бухоро ва Хива ўртасида бориб-келиш вақтини 3 соатгача қисқартириш ҳамда Тошкентдан Хивага қатновни етти соатда амалга ошириш имконини беради. Шунингдек, ғарбий вилоятларнинг Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари билан транспорт алоқаси яхшиланади, сайёҳлар учун эса қўшимча қулайликлар яратилади, дейилади банк хабарида.

Темир йўлларни электрлаштириш ушбу линиялар бўйлаб барқарор туризм тармоқларига эътибор қаратган ҳолда иқтисодий йўлак яратишга хизмат қилиши кутилмоқда. Бундан, ўз навбатида, яқин атрофдаги шаҳарлар ҳам фойда кўради.

Шунингдек, лойиҳа туфайли атмосферага ажралаётган чиқиндилар йилига 81 минг тоннага камаяди, бу эса мамлакатнинг кам углеродли иқтисодиётга айланишига хизмат қилади.

«Мамлакатда транспорт соҳасини такомиллаштириш ва интеграциялашуви минтақада савдо ва иқтисодий ўсишнинг янада оширишга ёрдам беради» , — дея қўшимча қилди банк вице-президенти.