Биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ўз ишини якунлади, деб хабар бермоқда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Тадбирда 2 мингдан ортиқ иштирокчилар — жаҳоннинг 56 мамлакатидан йирик инвесторлар ва юқори мартабали меҳмонлар қатнашди.

«Форум якунлари бўйича 7,8 млрд долларлик аниқ шартномалар ва инвестициявий битимлар пакети имзоланди. Шунингдек, қиймати 3,5 млрд долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, форумнинг панель мунозаралари ва тадбирлари доирасида Ўзбекистоннинг турли тармоқлари ва ҳудудларининг инвестициявий ва иқтисодий имкониятлари очиб берилди, Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ислоҳ қилиш борасида эришилган натижалар кўриб чиқилди.

Шунингдек, мамлакатни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, минтақавий ва жаҳон савдо алоқаларини ривожлантириш истиқболлари, инвестицияларни жалб қилиш механизмлари, савдони либераллаштириш ва миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, республикани саноатлаштириш ва саноатни юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтириш бўйича навбатдаги тадбирлар, маҳаллий энергетикани трансформациялаш ва муқобил энергия манбаларига ўтиш чора-тадбирлари, минтақа мамлакатларининг транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш ва уларнинг транзит салоҳиятини ошириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Ҳукумат, ишбилармон ва эксперт доиралари вакиллари коронавирус пандемиясидан кейинги даврда иқтисодий фаолиятни жадал ривожлантиришни тиклаш ва рағбатлантириш, камбағалликни қисқартириш, пул-кредит сиёсатини тартибга солиш, бизнесни қўллаб-қувватлаш, банк сектори ва молия бозорини ривожлантириш механизмларини муҳокама қилди.

Форум доирасида Савдо, иқтисод, инвестициялар, техника, маданият, спорт ва ёшлар масалалари бўйича Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги Ҳукуматлараро комиссиясининг 5-йиғилиши, «Саноат кооперацияси. Янги имкониятлар» Ўзбекистон-Хитой инвестициявий форуми, шунингдек, халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молиявий ташкилотлари раҳбарлари ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар иштирок этган Ўзбекистон учун «мамлакат платформаси» бўлиб ўтди. Форум иштирокчилари икки томонлама учрашув ва музокаралар чоғида ҳам фаол фикр алмашдилар ва ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур форумнинг очилишида Ўзбекистон президенти нутқ сўзлаб, Ўзбекистондаги ислоҳотлар ортга қайтмайдиган реал ҳақиқат эканлигини таъкидлаганди. Шавкат Мирзиёев хорижий инвесторларга юзланиб, «2026 йилга қадар иқтисодиётдаги эксклюзив ҳуқуқлар ва 25 дан ортиқ фаолият бўйича монополиялар тугатилишини» маълум қилди. У шунингдек, келгусида 7 та йўналиш доирасида ишбилармон учун яратиладиган имкониятларга тўхталиб ўтганди.

АКТ вазири Шерзод Шерматов эса жаҳонда содир бўлаётган вазиятдан фойдаланиб, Ўзбекистонда IT-компаниялар учун яратилаётган шароитлар ҳақида маълумот берганди. Унинг сўзларига кўра, IT-парк резидентлари 2028 йилгача барча корпоратив солиқлардан озод қилинган, қолаверса, бир қатор солиқ ва божхона имтиёзлари ҳам берилади. Ишлаш учун рухсатнома олиш тартиби эса бекор қилинган ҳамда 3 кун ичида «IT-visa» тақдим этилади. Ўзбекистонга кўчиб ўтмоқчи бўлган IT-компаниялар эса зарур инфратузилма билан таъминланади.