Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) раҳбари Нгози Оконжо-Ивеала The Guardian нашрига берган интервьюсида Украинадаги уруш натижасида озиқ-овқат нархларининг кескин ўсиши камбағал мамлакатларда очликдан азият чекаётганлар орасида тартибсизликларни келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидлади.

Нгози Оконжо-Ивеала озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи мамлакатларни маҳсулотларни ғамлашдан тийилишга чақирди ва коронавирус пандемияси давридаги бой мамлакатлар вакциналарнинг асосий қисми билан фақат ўзларини таъминлаган ҳолат такрорланишига йўл қўймаслик жуда муҳимлигини қайд этди.

«Менимча, биз бу ҳолатдан жуда хавотирланишимиз керак. Шу ва кейинги йилларда озиқ-овқат нархлари ва очликка таъсир сезиларли бўлиши мумкин. Озиқ-овқат ва энергия бутун дунёдаги камбағалларнинг истеъмол саватчасидаги иккита энг асосий нарсадир. Энг кўп зарарни камбағал мамлакатлар ва у ерда яшаётган камбағаллар кўради», — деди ЖСТ бош директори.

Оконжо-Ивеаланинг фикрига кўра, Африканинг 35 давлати Қора денгиз минтақасидан импорт қилинадиган маҳсулотларга боғланиб қолган.

«Сизда бор нарсани сақлаб туришга уриниш — табиий ҳолат, биз буни вакциналар мисолида кўрдик. Аммо биз озиқ-овқат билан бу хатони такрорламаслигимиз керак», — деди у.

ЖСТ ҳисоб-китобларига кўра, ўн йил олдин озиқ-овқат инқирози даврида жаҳонда буғдой нархининг 40 фоизга ўсиши озиқ-овқат захираларининг сақлаб турилиши натижасида содир бўлган.

Оконжо-Ивеаланинг сўзларига кўра, ҳозирда 12 мамлакатда, шу жумладан Сальвадор, Камбоджа ва Мисрда озиқ-овқат маҳсулотларига савдо чекловлари мавжуд.

«Биз вакциналар ва олдинги озиқ-овқат инқирозларидан сабоқ олганимизга ишонч ҳосил қилишимиз керак. Украинадаги уруш оқибатларини бутунлай юмшатишимиз мумкинлигига амин эмасман, чунки унга алоқадор одамлар сони жуда катта, аммо биз оқибатларнинг баъзиларини юмшатишимиз мумкин», — деди Оконжо-Ивеала.

ЖСТ бош директори можаро туфайли Украинада экин мавсумига зарар етиши ва ўғитларни етказиб бериш ҳам чекланишидан хавотирда эканлигини қайд этди.

Украина одатда БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастурига келиб тушадиган буғдойнинг ярмини етказиб беради. Ушбу агентлик можароли ёки очлик каби офатларни бошидан кечираётган мамлакатларга фавқулодда ёрдам етказиб бериш билан шуғулланади.

«Агар биз уруш оқибатларини қандай юмшатиш ҳақида ўйламасак, бу нафақат жорий йил, балки кейинги йил ҳам яна бир фалокатга олиб келади», — деди у.

Қандай маҳсулотлар билан муаммо юзага келиши мумкин?

АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг хорижий қишлоқ хўжалиги хизмати маълумотига кўра, Россия ва Украина дунёдаги энг йирик буғдой етказиб берувчилардан бири ҳисобланади. 2021−2022 йилги мавсумда Россия жаҳон буғдой экспортининг 16 фоизини, Украина эса 10 фоизини ташкил этди. Энг катта улуш (18%) Европа Иттифоқига тўғри келади. Шунингдек, Австралия — 13%, АҚШ — 11% ва Ҳиндистон — 5% улушга эга.

Бундан ташқари, Украина жаҳон экспортида 14% улушга эга бўлган энг йирик жўхори экспортчиларидан бири ҳисобланади. Айни вақтда, Россиянинг улуши 2 фоизни ташкил этади. Ўтган йилларда кунгабоқар ёғи ва кунжара жаҳон экспортида Россия ва Украинанинг улуши тахминан 80 фоизни ташкил этди.

Россия Украинада олиб бораётган махсус ҳарбий операция фонида, буғдой нархи биринчи ҳафтада 43,4 фоизга ўсди ва 14 йил кузатилмаган ўсишни такрорлади. Бундан ташқари, 15 март куни Россия дон маҳсулотларини Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи мамлакатларига экспорт қилишни, шунингдек, оқ шакар ва хом шакарқамишни чет элга экспорт қилишни вақтинча тақиқлади.

Март ойининг бошида Европа комссияси вице-президенти Франс Тиммерманс Европа парламенти йиғилишида Украинада экин мавсуми ҳам таҳдид остида қолганини айтиб ўтган эди. У агар украиналик фермерлар яқин бир-икки ҳафта ичида экишни бошлашмаса, Украинадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини катта миқдорда импорт қиладиган ривожланаётган мамлакатларда озиқ-овқат танқислиги хавфи пайдо бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Шу билан бирга, у Европа Иттифоқи учун бу муаммолар унчалик кучли бўлмаслигини қайд этди.

Украина президенти Владимир Зеленский россиялик журналистларга берган интервьюсида ҳарбий операциянинг Украинадаги экин мавсумига таъсири ҳақида айтиб ўтди.

«Қандайдир сабабга кўра кеча Львовга 6 та ракета учиб тушди. Нефть омборлари ва базаларини уришмоқда, ҳозир экин мавсуми эканлигини жуда яхши тушунишади. Экинларнинг нима алоқаси бор? Украина Европа ва Араб амирлигининг ярмини боқади. Сиз, Россия Федерацияси, араблар билан яхши муносабатдасиз-ку. Туркларда ҳам, ҳеч кимда кунгабоқар ёғи, буғдой йўқ. Бундан ташқари, мамлакатдан айни шу давлатларга юборилаётган буғдойни олиб чиққани қўйишмади», — деди Украина президенти.