Самарқанд вилояти Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармасининг Каттақўрғон шаҳар бўлими бош мутахассиси пора олганликда гумонланмоқда. Бу ДХХ ва Самарқанд вилоят ИИБ ҳамда вилоят Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда аниқланди, деб хабар берди вилоят ИИБ.

Таъкидланишича, бўлим бош мутахассиси Ж. Р. (1992 й. т.) фуқарога Каттақўрғон шаҳрида қурилаётган янги 12 қаватли уйлардан 3 хонали хонадонни давлат томонидан ажратиладиган субсидия ҳисобида сотиб олиши учун уни базавий рўйхатга қўшиши ва субсидия ажратиб беришига ишонтирган. Бунинг эвазига 1200 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олаётган вақтида қўлга олингани айтилмоқда.

«Шунингдек, «Ж. Р»га нисбатан ўтказилган шахсий тинтув вақтида унинг ёнидан тахминан 5−10 гр. миқдордаги «марихуанна» гиёҳвандлик воситаси, 300 АҚШ доллари пул маблағлари хамда гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилиш учун мўлжалланган мослама топилган», — дейилади хабарда.

Ушбу шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.