Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Музработ туман бўлими томонидан «Алоқабанк»нинг Сурхондарё ҳудудий марказининг мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилган. Бу ҳақда Департамент матбуот хизмати хабар берди.

Ўтказилган текширувда «T.Y.E.» МЧЖ собиқ раҳбари И.С. МЧЖга «Алоқабанк» вилоят филиали томонидан «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда айланма маблағини тўлдириш» учун ажратилган 220 000 АҚШ доллари миқдорида кредит маблағини ўзининг шахсий эҳтиёжига ишлатиб юбориб, талон-торож қилган. Шунингдек, И.С. банк филиали масъул шахслари билан тил бириктириб, аслида баҳоси 737,8 млн сўм бўлган бинонинг нархини сунъий равишда оширган ҳолда 2,5 млрд сўмга ўзаро келишув далолатномасига асосан гаров таъминоти сифатида қўйиб, банк манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2 март куни Қарши туманида фуқаро «Микрокредитбанк» масъул ходимлари билан бошқа фуқаро номига корхона очиб, 1,9 млрд сўм кредит ажратиб бергани ҳақида хабар қилган эдик. Фуқаро шундан 1,1 млрд сўмни маҳсулот хариди учун ўтказиш орқали талон-торож қилган.