«Микрокредитбанк» АТБ мурожаатига мувофиқ, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаменти ходимлари банкнинг Қарши туман бўлимида текширув ўтказди. Бу ҳақда департамент матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, фуқаро Б.С. «Микрокредитбанк»нинг Қарши филиалидаги амалиёт бўлими масъул шахслари билан фуқаро Н.Э. номига «U.C.» МЧЖ очган ва унга 1,9 млрд сўм кредит ажратиб берган.

Фуқаро ва банкнинг масъул ходимлари ажратилган кредитдан 1,1 млрд сўмни турли субъектларга маҳсулотлар сотиб олиш учун ўтказиш йўли билан талон-торож қилгани айтилмоқда.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.