17−24 март кунлари Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари кичик сержантлар Aбдурасул Туйғунов ва Aбдумалик Aбдураҳмоновлар AҚШнинг Миссисипи штатидаги «Энг илғор жангчи-2022» мусобақасида иштирок этди. Бу ҳақда «Газета.uz»га вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

«Camp Shelby» ҳарбий ўқув базасида ўтказилган мусобақада ўзбекистонлик аскарлар AҚШ Миллий гвардиясининг Махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчилари билан куч синашди.

Мусобақа давомида ҳарбий хизматчилар якка таркибда жисмоний тайёргарлик синовлари — 6 та машқни ўз ичига олган фитнес тест, жисмоний ва руҳий зўриқиш йўлагидан ўтиш, тунда 15 км масофага ориентир олиш, 15 кг юк билан 20 км масофага марш югуриш, жанговар ва умумий тайёргарлик бўйича тест, иншо ёзиш (ҳарбий ҳамкорлик мавзусида 500 тадан кам бўлмаган сўз) каби синовларда ўз маҳоратларини намойиш этди.

Бундан ташқари, ҳарбийлар артиллерия оловини бошқариш, AҚШ намунасидаги ўқотар қуролларни нотўлиқ қисмларга ёйиш, йиғиш ва жанговар ҳолатга келтириш, шунингдек, улардан турли усул ва шароитларда ўқ отиш, кутилмаган (сюрприз) машқлар каби шартларни муваффақиятли бажарди.

Мусобақада Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари юқори интеллектуал салоҳияти, жисмонан чиниққанлиги туфайли ғолиб бўлди, дейилади хабарда.

Маълумот учун, мазкур мусобақада ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар 2019 ва 2021 йилларда ҳам муваффақиятли иштирок этиб, ғолиб бўлганди.

26-март куни эрта тонгда ғолиблар пойтахтдаги Ислом Каримов номли Тошкент халқаро аэропортда тантанали равишда кутиб олинди.