«Электромобиллар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни ташкил этишни қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Ҳужжат Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилди.

Унга кўра, электромобилларни олиб кириш ва улардан хусусий, бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари ва жамоат транспорти эҳтиёжларида фойдаланишни кенгайтириш кўзда тутилмоқда.

Бунда электромобилларни республика ҳудудида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва 2030 йилга бориб республикада сотилаётган автотранспорт воситаларининг камида 15 фоизини электромобиллар ташкил этишига эришиш мақсад қилинган.

Қарор лойиҳасига мувофиқ, вазирликлар, идоралар, бюджет ташкилотлари, маҳаллий хокимият органлари ҳамда устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган корхоналар хизмат автомобиллари паркининг 2025 йилга қадар камида 10 фоизигача, 2030 йилга қадар 100 фоизи босқичма-босқич электромобилларга алмаштирилади.

Бунда, мазкур бандда назарда тутилган ташкилотлар томонидан 2022 йилдан бошлаб харид қилинадиган транспорт воситаларининг камида 20 фоизи электромобиллар бўлиши талаб этилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Транспорт вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва «Ўзавтосаноат» билан бирга икки ой муддатда тез тиббий ёрдам машиналарини 2023−2026 йилларда электр двигателларда ҳаракатланадиган махсус транспорт воситаларига алмаштириш дастурини Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланмоқда.

Президент қарори лойиҳаси муҳокамаси 9 апрелга қадар давом этади.