19 март куни Сенатнинг 24-ялпи мажлисида ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги 2021 йил якуни бўйича ахбороти эшитилди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, 2021 йилда содир этилган жиноятлар умумий сони 84 100 тани ташкил этиб, ҳар 100 минг аҳолига ўртача 321,4 тадан тўғри келган.

«Ўтган йилда қотиллик жиноятларининг ҳар учинчиси ёки 158 таси (37,1%), оғир тан жароҳати етказиш жиноятларининг 190 таси (14,4%) оилавий муаммолар туфайли содир этилган. Ҳисоботда қайд этилишича, бунга оилалардаги нотинчлик, низоларнинг ўз вақтида ҳал этилмаслиги маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчиликнинг эътиборидан четда қолганлиги сабаб бўлган», — дейилади ҳисоботда.

Бундай низоларга ўз вақтида барҳам берилмаганлиги оқибатида 14 935 та ҳуқуқбузарлик содир этилган. Уларнинг қарийб 60 фоизи (8 589 таси) Тошкент шаҳри, Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона вилоятларига тўғри келади.

Шунингдек, 2021 йилда 9759 нафар хотин-қиз 9053 та жиноят содир этган. Бунга оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларнинг муаммолари тўлиқ ҳал этилмасдан келинаётганлиги сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Оила-турмуш муносабатлари доирасида тазйиққа учраган хотин-қизларнинг 39 343 нафарига ҳимоя ордери берилган.


Қолаверса, жиноятларнинг 65,2 фоизи Фарғона, Тошкент, Наманган ва Бухоро вилоятларида яшовчи вояга етмаган болалар томонидан содир этилган. Шунингдек, 14 мингдан ортиқ ишсизлар жиноятга қўл урганлиги жойларда аҳолини иш билан таъминлаш масалалари самарали ҳал этилмаётганини кўрсатади.

Ҳисоботга кўра, ўтган йилда аниқланган жами жиноятларнинг 89 фоизи фош этилган, қидирувдаги 4615 нафар шахс ушланган, бедарак йўқолган 507 нафар шахс топилган.

9 314 та маҳаллада криминоген вазият таҳлил қилиниб, маҳаллалар «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратилган. Кўрилган чоралар натижасида 2021 йилда 2 639 та маҳаллада (28,3 фоиз) жиноятлар содир этилмаган, 3 628 тасида (39 фоиз) уларнинг содир этилиши ҳолатлари камайган.

Иқтисодиёт, бошқарув ва одил судлов соҳасида 1313 нафар шахс томонидан содир этилган 1018 та жиноят аниқланиб, улар оқибатида етказилган 86,1 млрд сўм миқдоридаги зарар ундирилган.

Бундан ташқари, 14 мингдан ортиқ ишсизлар томонидан жиноятлар содир этилганлиги жойларда аҳолини иш билан таъминлаш масалалари самарали ҳал этилмаётганини кўрсатади.

Сенат раиси Танзила Нарбаева ўз ўрнида ҳимоя ордери бўйича ички ишлар яхши ишлаётганини қайд этди.

«Ҳимоя ордери бўйича ички ишлар яхши ишламоқда. Ордер муддатини 1 ойдан 1 йилга чўзмоқдамиз. Бироқ қилинаётган ишлар етарли эмас. Эътибор асосан аёллар ҳимоясигагина қаратилган. Яъни психолог ҳам, маҳаллаю унинг нозирлари ҳам фақат аёллар билан ишламоқда. Бироқ унинг турмуш ўртоғичи? У билан ким ишлайди? У тарафдан келтириладиган важ, сабабларни ким эшитади? Жанжалга асосий сабаб нима бўлган? Бу масалалар билан ҳам ишлашни бошлаш керак. Муаммонинг асл илдизига етиш лозим. Соғлиқни сақлаш, бандлик, маҳалла масъуллари бунга эътибор қаратиши зарур», — деди у.

Сенаторларнинг таъкидланишича бундан буён масъул вазирлик, идора ва жамоат ташкилотлари биргаликда хотин-қизлар, вояга етмаганлар, ёшлар, айниқса, бандлиги таъминланмаган ёшлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг доимий таҳлилини юритади, қолаверса, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва омилларини аниқлаш ҳамда бартараф этиш чораларини кўради.

Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.