Давлат хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ИИБ билан ҳамкорликда терроризм ва экстремизмга қарши курашиш доирасида бир нечта тезкор тадбирлар ўтказилган. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Унга кўра, 1975 йилда Шаҳрисабз туманида туғилган Қ. Ғ. 2017−2020 йилларда Россияда ишлаши даврида ижтимоий тармоқлар орқали «Жиҳодчилар» диний экстремистик оқими (ДЭО) аъзолари таъсирига тушиб, уларни қўллаб-қувватлаган. Доимий яшаш манзилига қайтиб келганидан кейин, ўз атрофидагиларга ушбу оқим ғояларини тарғиб қилади ҳамда 6 кишидан иборат ноқонуний гуруҳ ташкил этади.

Бошқа ҳолатда эса 1995 йилда Касби туманида туғилган Т. М. 2016−2021 йилларда меҳнат мигранти сифатида Москва шаҳрида бўлган даврида диний-экстремистик ва ақидапарстлик ғоялари билан йўғрилган материалларни кўриб, экстремистик оқим тарафдорлари таъсирига тушиб қолган. Доимий яшаш манзилига қайтганидан кейин, экстремистик мазмундаги материалларини яқин алоқаларига тарғиб қилган. Шунингдек, у келгусида уйланганидан сўнг, турмуш ўртоғи билан бирга Суриядаги террористик ташкилотлар сафига бориб қўшилишни режалаштирган.

Бундан ташқари, ДХХ Миришкор туманида яшовчи Т. Ж.нинг (1996 й.т.) «Телеграм» мессенжерида профил очиб, у орқали ДЭО аъзолари томонидан тайёрланиб, халқаро интернет тармоғига жойлаштирилган ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни виртуал гуруҳдаги дўстларига тарқатади ҳамда улар билан ўзаро муҳокама қилганини маълум қилди.

ДХХнинг маълум қилишича, ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида, уларнинг бошқа алоқаларини аниқлаш бўйича ҳам тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, дейилади хабарда.