Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги терма жамоаси Покистон Ислом Республикасида бўлиб ўтган V Халқаро «Жамоа руҳи» мусобақасида рекорд натижа билан ғолибликни қўлга киритишди. Бу ҳақда «Газета.uz»га вазирлик матбуот хизмати хабар берди.


Мусобақа Покистон Қуролли Кучларига қарашли Пабби шаҳридаги 22-армия корпуси Терроризмга қарши курашиш миллий ўқув маркази базасида ўтказилди. Унда Марокаш, Иордания, Кения, Саудия Арабистони, Туркия, Шри-Ланка, Непал ва Ўзбекистон, шунингдек Покистондан (8 та гуруҳ) жами 16 та разведка жамоалари қатнашди.

Мусобақа жараёнини Тожикистон, Қозоғистон, Баҳрайн ва Хитой давлатларининг Қуролли Кучлар вакиллари кузатиб борди.

Мусобақа шартларига кўра, жамоалар 80 кмгача бўлган маршрутнинг 6 та назорат нуқтасида азимут бўйича ҳаракатланиб, тактик-махсус, отиш, тиббий, алоқа, муҳандислик тайёргарлиги, оммавий қирғин қуроллардан ҳимоя ва ҳарбий топографиядан турли махсус машқларни бажариш, шунингдек, кутилмаган тестларни ечиш машқларидан ўтди.

Ўзбекистон ҳарбий жамоаси айниқса якка тартибдаги мутахассислик тайёргарлиги бўйича ўтказилган беллашувларда, гуруҳнинг радиотелефонисти, муҳандиси, мергани ва фельдшер каби разведкачилари юқори натижалар кўрсатишга муяссар бўлишди.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги терма жамоаси қуръага биноан биринчи назорат нуқтасидан ўнинчи бўлиб ҳаракатланишни бошлаган бўлса-да, ушбу мусобақанинг учинчи назорат нуқтасига қолган жамоалардан 6 соат олдин етиб борди ва энг юқори — 2850 баллни қўлга киритди. Иккинчи ўрин 1860 балл тўплаган Марокаш жамоасига насиб этди. Учинчи ўринга эса 2010 балл билан — Шри-Ланка ҳамда 1900 балл билан — Саудия Арабистони лойиқ деб топилди.