АҚШ президенти Жо Байден Россияга доллар банкноталарини экспорт, реэкспорт, сотиш ёки етказиб беришни тақиқловчи фармонни имзолади. Ҳужжат Оқ уй сайтида эълон қилинди.

«АҚШ доллар банкноталарини АҚШдан Россия Федерацияси ҳукумати ёки Россия Федерацияси ҳудудида бўлган ҳар қандай шахсга, қолаверса, банкноталар жойлашган еридан қатъий назар АҚШнинг юридик ва жисмоний шахслари томонидан тўғридан-тўғри ёки билвосита экспорт, реэкспорт, сотиш ёки етказиб бериш тақиқланади», — дейилади фармонда.

Бундан ташқари, АҚШ Россиядан икра, денгиз маҳсулотлари, ароқ ва бошқа спиртли ичимликлар, қолаверса, бриллиант ва олмосларни импорт қилишга тақиқ қўйди, дея таъкидлади Жо Байден. Оқ уйнинг хабарида қайд этилишича, Россияни 1 млрд доллардан ортиқ экспорт даромадидан маҳрум қилади ва «АҚШ фуқаролари Путин уришини молиялаштирмаслигини» кафолатлайди.

G7 давлатлари шунингдек, Россияга Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва бошқа халқаро молия институтларидан маблағ олишни тақиқлашга эришиши кутилмоқда, дейилади «катта еттилик» мамлакатларининг қўшма баёнотида. Улар Россия билан энг мақбул савдо муҳити мақомини бекор қилиш ва Россиянинг ЖСТ аъзолигидан маҳрум қилиш ниятида.

Оқ уй шунингдек, санкция остида бўлган Россия банклари раҳбарлари ва РФ Давлат думаси аъзоларига қарши тўлиқ чекловчи санкциялар қўллашини маълум қилди.

Бундан ташқари, Жо Байден Россияга ҳашаматли товарларни, жумладан, кўпинча «рус элитаси сотиб оладиган» автомобиллар, кийим-кечаклар ва заргарлик буюмлари ва бошқа товарларни экспорт қилишни тақиқлашга оид фармонни ҳам имзолади.

«Бугунги кунда чекловлар қўйилган ҳашаматли товарларни АҚШдан экспорт қилиш қиймати йилига қарийб 550 млн долларни ташкил этади. Путиннинг ҳарбий машинасини қўллаб-қувватлайдиган элита энди ушбу тизимнинг афзалликларидан фойдаланмаслиги ва рус халқининг ресурсларини исроф қилмаслиги керак», — дейилади баёнотда.

Аввалроқ, Европа Иттифоқи евро банкноталарини Россияга сотиш, етказиб бериш, экспорт қилиш ва жўнатиб юборишни тақиқлаганди. Истиснолар фақат банкноталар шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган ҳолатда ёки уларнинг эгалари дипломатик иммунитетга эга шахсларга қўлланилади.