Менглибеков Бахтияр Бекмурзаевич Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ тумани ҳокими лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Қуронбоев маълум қилди.

Ташкилий масала душанба куни Халқ депутатлари Мўйноқ туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида кўриб чиқилди.

Тайинловга қадар Бахтияр Менглибеков Мўйноқ тумани «Мадели» овул фуқаролар йиғинидаги тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият юритган.

Номзод Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Миллий кадрлар захирага олинган эди.

«Фаолиятини самарали олиб бораётган маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари ва Ёшлар етакчиларини Миллий кадрлар захирасига киритиш давом этмоқда», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 23 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташрифини Мўйноқдан бошлаган, туман фаоллари билан учрашган эди.