Чехия пойтахти Прагада дзюдо бўйича Европа очиқ чемпионати ўз якунига етди. Унда энг оғир вазн тоифасида иштирок этган Ўзбекистон вакили Ўткирбек Тўрабоев олтин медални қўлга киритди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тўрабоев мусобақада +100 кг вазн тоифасида қатнашиб, саралаш босқичида Мўғулистон, Италия, Руминия вакилларини, ярим финал ва финалда германиялик дзюдочиларни мағлуб этган.

Бу 19 ёшли дюздочининг халқаро мусобақалардаги дастлабки йирик ғалабаси бўлди. Бунгача у ўтган йили Ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 3-ўринни эгаллаганди.

Бундан ташқари, Раҳимжон Субҳонов ҳам мазкур мусобақада -66 кг вазн тоифасида бронза медалига сазовор бўлган. Шу тариқа, Ўзбекистон жамоаси ушбу мусобақани 1 тадан олтин ва бронза медаллари билан якунлади.