Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Юсуп Кабулжановнинг айтишича, фаол ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётган Украинанинг айрим аҳоли пунктларидан, хусусан, Харьков, Суми ва Херсон шаҳарларидан Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилишда қийинчиликлар юзага келган.

«Фуқароларни юқоридаги шаҳарлардан олиб чиқиш ҳарбий ҳаракатлар тўлиқ тугаганидан кейин ташкил этилади. Ушбу давргача ҳимояланган бункерларда қолиш тавсия этилади».

Ўзбекистонликлар жойлашган бошқа шаҳарларда уларнинг Львовга поездда жўнаб кетишини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.

«Киевдан юртдошларимизни олиб кетиш учун ўзбекистонлик кўнгиллилар ва Элчихонанинг автомашиналаридан фойдаланилмоқда», — деди ТИВ вакили.

Бундан ташқари, ТИВ расмий вакили Киевда ва айниқса, унинг чекка ҳудудларидаги мураккаб вазиятга қарамай Ўзбекистон фуқароларини вокзалга етказиш ишлари давом этаётганлигини маълум қилди. Киевдан ғарбий йўналишдаги поезд қатновлари ҳам тўхтатилмаган, дея қўшимча қилди у.