Нобел мукофоти совриндорлари Россия ҳукуматини Украинага бостириб киришни тўхтатиш ва ўз қўшинларини Украина ҳудудидан олиб чиқиб кетишга чақирди. Улар Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига қарши очиқ хат билан чиқишди.

Очиқ хатга имзо чеккан 163 нафар Нобел мукофоти лауреатлари Россиянинг хатти-ҳаракатларини қўшниси мустақил Украина давлати ва Украина халқига «президент Путин бошчилигидаги асоссиз ҳарбий тажовуз», деб атади ҳамда уни 1939 ва 1941 йиллардаги фашистлар Германиясининг Польша ва Совет Иттифоқига қилган босқинига қиёслади. Шу ўринда улар мазкур ҳарбий ҳаракатларда рус халқи иродаси рол ўйнаётганлигига ишонмасликларини маълум қилишган.

«Биз биргаликда ушбу ҳарбий ҳаракатлар ва президент Путиннинг Украина мавжудлигининг легитимлигини инкор этишини қоралаймиз» — дейилади очиқ хатда.

Хатда айтилишича, Россия томонидан Украина ҳудудига бостириб кирилиши БМТ Низомини қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Хусусан, Низомга кўра, «Халқаро муносабатларда барча аъзолар ҳар қандай давлатнинг ҳудудий яхлитлиги ёки сиёсий мустақиллигига қарши таҳдид ёки куч ишлатишдан тийилиши лозим». Шунингдек, бу Украина суверенитети, мустақиллиги ва мавжуд чегаралари Россия ва бошқа давлатлар томонидан ҳурмат қилинишини назарда тутувчи 1994 йилги Будапешт меморандумига нисбатан беписандлик эканлиги қайд этилган.

Хат муаллифларининг фикрича, Россиянинг хавфсизлик билан боғлиқ даъволари БМТ Низоми, 1975 йилдаги Хельсинки акти ва 1990 йилги Париж Хартияси асосида қондирилиши мумкин эди, «уруш бошлаш» эса «нотўғри, қонли ва самарасиз йўл».

Улар Россиянинг мазкур хатти-ҳаракатлари мамлакатнинг «халқаро обрўсига доғ туширганлигини», «иқтисодий тараққиёт учун тўсиқ», мамлакат «халқи учун қийинчиликлар манбаси» бўлиб хизмат қилишини таъкидлаган.

«Жорий этилган санкциялар иқтидорли ва меҳнаткаш россияликларнинг бутун дунё бўйлаб ҳаракатланиш эркинлигини чеклайди. Россия ва дунё ўртасида девор қуришнинг нима кераги бор?» — дейилади очиқ хатда.

Хатга имзо чекувчилар Украина халқининг куч-қудрати ҳамда осойишталигини ҳурмат қилишларини маълум қилиб, Россия ҳукуматини «Украинадаги босқинни тўхтатиш ва ўз қўшинларини Украинадан олиб чиқиб кетишга» чақиришган.