Президент Шавкат Мирзиёев 14 февраль куни автомобилсозликни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда автомобиллар олиб киришда божхона тўловларини босқичма-босқич нолга тушириш зарурлигини маълум қилган. «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Менимча» кўрсатувида унинг нутқидан парча намойиш этилди.

«Секин-секин божхона тўловлари ноль бўлиши керак. Рақобат бўлиши керак, арзон ва сифатли [автомобиллар бўлиши учун], — деди давлат раҳбари.

Президент олдиндан тўловга қарамай, харидорлар бир йил машинани кутишга мажбур бўлаётганини адолатсизлик деб атади.

«Оддий шифокор, оддий меҳнаткаш фуқаромиз қанча-қанча машаққат билан йиққан пулини, кечирасизу 1 йилга «автопром»га айлантириш учун бериб қўйиши бу адолатдан эмас», — деди президент.

Эслатиб ўтамиз, президент душанба кунги йиғилишда Вазирлар Маҳкамасига 3 кун муддатда импорт автомобиллари учун божхона божи ставкаларини 2 баробарга — 30 фоиздан 15 фоизгача пасайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритишга топшириқ берганди. Шунингдек, президент йиғилишда UzAuto Motors автомобиллари учун олдиндан тўлов 85 фоиздан 50 фоизгача камайтирилишини маълум қилганди.