Сассекс университети (Буюк Британия) Тараққиёт тадқиқотлари институти докторанти, «Газета.uz» колумнисти Дилмурод Юсупов «Очиқчасига гаплашамиз» шоусининг ногиронлиги бор шахслар ҳақидаги кўрсатувига муносабат билдирди. Қуйида унинг фикрларини жузъий таҳрир билан эътиборингизга ҳавола этамиз.

Бугун Амирхон Умаровнинг «Очиқчасига гаплашамиз» шоусида «Чекланмаганлар» ҳақидаги кўрсатувни томоша қилдим ва афсусландим. Бошида айтиб ўтаман, кўрсатувга таклиф этилган меҳмонларнинг кўпини шахсан танийман ва ҳурмат қиламан — уларга ҳеч қандай эътирозим йўқ. Аммо ушбу кўрсатувни тайёрлаган ногиронлиги бўлмаган шахслар учун ўзимни хулосамни бермоқчи эдим.

Кўрсатувнинг мақсадини Амирхон бошида ва охирида ўзи айтиб ўтди. Ҳар доимгидек ногиронлиги бўлган инсонлар бошқаларда шукроналик ҳиссини уйғотиш мақсадида восита сифатида ишлатилган. Бошқача қилиб айтганда, қаттиқ тушкунликка (депрессияга) тушиб қолиб, ўзи нима қилишни билмаётган инсон «Чекланмаганларни» кўриб, илҳомланиб ўрнидан туриб ҳаракат қилишга тушиб кетиши керак. Яъни ногиронлиги бор инсонлар тушкунликда ўтирганлар учун наъмуна ёки ибрат қилиб кўрсатилган. Амирхон айтганидек: «Бошқалар ўз ҳаётини таҳлил қилиш учун ойна» ёки «Кўпчиликда мотивация туйғусини уйғота оладиганлар».

Бундай ҳолатларда кўпинча «имконияти чекланган бўлсада» деган ибора ишлатилади. Мисол: Гарчи уларга нисбатан «имконияти чекланган» сўзи қўллансада улар «чексиз имкониятлар соҳиби» ёки «чекланмаганлар». Ёки «имконияти чекланган бўлсада мақсад ва орзулари йўлида тўхтамаган». Ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан бундай ёндашув муаммо айнан шахснинг ўзида ва фақатгина унинг ҳаракатига боғлиқ деган тушунчани тарғиб қилади. Илмий тилда бу ногиронликнинг индивидуал модели — яъни ногиронлик бу шахсий трагедия ва уни енгиб ўтиш фақат инсоннинг ўз қўлидалиги тушунилади.

Аммо, ҳаттоки Тошкент шаҳрида бинолар ва ижтимоий инфратузилма объектларининг 85 фоизи ногиронлиги бор фуқаролар фойдаланиши учун мослаштирилмаган, жисмоний ногиронлиги бўлган болалар сифатсиз уй таълимини олишга мажбур бўлган, меҳнат бозорида ногиронлик белигиси бўйича иш берувчилар очиқчасига камситаётган бир пайтда «Ҳаммаси ўз қўлингизда!» деб мурожаат қилиш қанчалик тўғри деб биласиз? Худди жамиятимиз ногиронлиги бор инсонлар учун турли хил атроф-муҳит ва муносабатга боғлиқ тўсиқларни қўйиб, уларни енгиб ўтишларини томоша қилиб ўтирганимиздек. Ҳеч нарсага қарамай бу тўсиқларни енгиб ўтганларга «офарин», тўсиқлар тагида қолиб кетганлар эса автоматик тарзда «боқимандаларга» айланади.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги вакили Барно Йўлдошбекова амалдорларимиз такрор ва такрор таъкидлаб келаётган «халқимиздаги авжига олиб бораётган боқимандалик» ҳақида гапирди. Биз қайси меъзонларга асосланиб инсонларни «боқиманда»га чиқарамиз? Мисол учун, ногиронлик нафақасини олувчиси бу «боқимандами»? Жамиятимизнинг ўзи ногиронлиги бўлган шахсларга барча қатори сифатли таълим олишга ва муносиб меҳнат қилишга имконият яратмасдан хайрия ва турли хил байрамлар қилиб уларни «боқимандаликка» чорлаган эмасми? Нега кўрсатувда жамиятимиздаги муаммолар ҳақида гапирилмади?

Яна бир муҳим жиҳат, кўрсатувда малакали психолог иштирок этмасдан, жуда нозик масалалар муҳокама қилинди. Ногиронлик ҳолатини орттириш туфайли тушкунлик (депрессия) ҳолатига тушиб қолган инсонларга намуна сифатида ютуқларга эришганларни кўрсатиш фойда бериши исботланганми? Ёки ногиронлиги бўлмаган томошабинларимиз кўрсатувимиз меҳмонларини кўриб, ҳузр топишлари кутилганми. «Қандай бахтли инсон эканман, менининг қўл-оёқларим бут ва кўзларим кўради, шунга шукр қилишим керак эмасми?» деган шукроналик ҳиссини уйғотишимиз керакми?

Бўлмасам бир «яхши» таклифим бор! Алоҳида бир боғ ташкил қилайлик ва у ерга турли хил ногиронлиги бўлган ва ютуқларга эришган шахсларни қўйиб, жойлаб, «етти мучаси соғ» депрессияга тушганларни таклиф қилиб айлантирайлик. Ўзи бошқа инсонларнинг ногиронлик ҳолатини кўриб илҳомланиш қанчалик инсонийлик фазилатларимизга тўғри келади? Нега айнан ногиронлик ҳолатидан келиб чиқиб инсонлар бошқаларга илҳом бахшида қилишлари мумкин?

Таажжубга келтирган яна бир нарса, бу Амирхоннинг кўзи ожиз меҳмонларга берган илтимоси: «Студиямизни тасвирлаб беринг!». Ногиронлиги бўлган шахслар чексиз имконият ва қобилиятларга эга супер қаҳрамонлар эмас, балки ҳаммага ўхшаган оддий инсонлардир.

Ойнани «менга у керак, менга бу керак, менга уни қилиб беринг» дейдиганлар учун эмас, балки жамиятимиз ва амалдорларимиз ўзларига бир тутиб кўришлари керак. Муаммо — ноадекват ва ҳалигача барча эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қамраб олмаган ижтимоий ҳимоя тизимимизда, инклюзив таълим ривожланмаганлигида, ишга қабул қилиш жараёнида ногиронлик белгиси бўйича камситишда ва умуман турли хил ногиронлиги бўлган фуқаролар учун етарлича шарт-шароитлар яратилмаганлигида!

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.