Ўзбекистон Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмалари нафақат фойдасиз, балки зарарли ташаббусларни илгари сурмоқда.

Пайшанба куни кечқурун ЙҲХБ Хоразм вилояти бошқармаси тайёрлаган видеороликни эълон қилди. Унда умумий овқатланиш, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, автобус саройлари, автотураргоҳлар, автбусларнинг якуний бекатлари, мактаблар олдидаги ва бошқа пиёдалар ўтиш йўлакларига ўқувчи-пиёдаларнинг муляжлари ўрнатилаётгани маълум қилинган.

Бошқарнинг фикрича, муляжни кўрган ҳар бир ҳайдовчи пиёдалар, айниқса болаларга нисбатан янада эътиборлиги бўлиши, ўз фарзандларини кўз олдига келтириш орқали тезликни меъёрида оширмаслиги, маст ҳолатда машина бошқармаслиги орқали йўл-транспорт ҳодисаларининг олди олинади.

Роликда айтилишича, бундай муляжлар вилоятнинг барча туманларига ўрнатилади.

«Газета.uz» масъул идораларни «қизғин фаолиятни имитация қилиш» деб аталадиган ишларни тўхтатиш ҳамда кўча ва йўлларда ЙТҲлар, жароҳатлар ва ўлимларнинг олдини олиш учун бутун дунёда тасдиғини топган усулларни қўллашни бошлашга чақиради.

2018 йилда «Ўтиш жойларидаги муляжлар инновация эмас» сарлавҳали материални эълон қилган эдик. Унда нафақат шаҳарлар, балки шаҳарлараро трассаларда ҳам ўрнатиладиган болалар муляжлари ҳақида сўз боради. Ўз навбатида, ўша вақтда бу «инновация» сифатида тақдим этилган эди.

Бу каби муляжларнинг хавфли томони шундаки, ҳайдовчилар уларга ўрганиб қолишади ва эътибор бермай қўйишади. Аниқроқ айтганда, улар сабабли ҳақиқий болаларни ҳам пайқамай қолишлари мумкин. Хулласкалом, йўл ўртасидаги бу каби муляжлар болаларни мутлақо ҳимоя қилмайди.

Лавҳаларга диққатлироқ қаралса, йўл чизиқларининг етишмаслигини ва йўлнинг жуда ҳам кенг эканлигини кўриш мумкин. Йўл қаторлари ҳар икки томонда биттадан кўп бўладиган бўлса, бундай жойларга мажбурий тартибда светофорлар ўрнатилиши, шунингдек, пиёдалар ўтиш жойини баландроқ қилиш, йўл қаторларини эгикроқ қилиш ва қисқартириш, каттароқ ҳажмли жисмоний (бетон ёки бошқа мустаҳкамроқ материалдан) хавфсизлик оролчасини ўрнатиш лозим. Бу ҳақда ёзилган кўплаб қўлланмаларни интернетдан хоҳлаганча топиш мумкин.

Яқинда Президент Шавкат Мирзиёев йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳолати назоратдан чиқиб кетганини айтди. Ўтган йил давомида мамлакатда ЙТҲлар сони 43 фоизга ошган.

ЙҲХБ ўзининг Telegram-каналида мамлакатда вужудга келган фавқулодда ҳолатларга ечим сифатида турли ташаббуслар тақдим этилган кўплаб роликларни эълон қилмоқда. Аксарият видеороликларда ЙҲХБ ва ҳокимликлар пайқамаётган кўплаб муаммоларни кўриш мумкин.

Йўл ҳаракати қатнашчилари хавфсизлигини яхшилаши мумкин бўлган баҳсли ташаббуслар ва режалаштиришдаги камчилик ва хатоларга мисоллар:

Чорраҳаларнинг нотўғри геометрияси, жуда узун пиёдалар ўтиш жойлари, хавфсизлик ороллари ва йўл чизиқларининг йўқлиги, кўчанинг ҳаддан ташқари кенглиги. Термиз.Тошкент ва Чирчиқ автомагистралида тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойида ажратгич ўртасидаги бўш жой.Учқудуқда транспорт воситаларига ёпиштириладиган эслатмалар.Кўзи ожиз болалар мактаби олдидаги «Тўхтанг!» овозли сигнали билан жиҳозланган аммо тузукроқ хавфсиз оролчаси бўлмаган пиёдалар ўтиш жойи. Кенг йўл ва қаторлар ўртасидаги ўчиб кетган чизиқлар.Бухоро вилоятида ЙТҲда зарар кўрган автомобиль намойиш қилинаётган «Тарғибот карвони».Автомобиль ойналарига «Диққат, пиёда!» акцияси ҳақида маълумот ёзилган стикерлар.