Марказий Осиё мамлакатлари футбол терма жамоалари рейтингида Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари 31,80 млн еврога баҳоланиб, минтақа рейтингида биринчи ўринни қайд этди. Бу ҳақда Қирғизистоннинг sport.kg нашри маълум қилди.

Футболчиларнинг тахминий баҳосига ихтисослашган Германиянинг Transfermarkt сайти Марказий Осиё мамлакатлари терма жамоалари ҳақидаги янги маълумотларни эълон қилди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон терма жамоаси минтақа рейтингида пешқадам бўлди. Мамлакат терма жамоаси футболчиларининг умумий нархи 31,80 млн еврога баҳоланган. Ўзбекистон ФИФА рейтингида 85-ўринни эгаллади.

Шунингдек, минтақанинг энг қиммат футболчиси ҳам Ўзбекистон терма жамоа аъзоси — Элдор Шомуродов («Рома», Италия) дея эътироф этилиб, футболчининг баҳоси эса 12 млн евро миқдорида қайд этилди.

Элдор Шомуродовдан кейинги ўринлардаги Ўзбекистон терма жамоасининг энг қиммат футболчилари:

  • Отабек Шукуров («Шаржа» спорт клуби, БАА) — 3,50 миллион евро,
  • Жалолиддин Машарипов («Ал-Наср», Саудия Арабистони) — 3 миллион евро,
  • Азиз Ғаниев (Шабаб Ал-Аҳли Дубай, БАА) — 2 миллион евро.

Иккинчи ўринда Қозоғистон терма жамоаси — 18,05 миллион еврога баҳоланган. Энг қиммат футболчилар Стас Покатилов («Ақтўбе», Қозоғистон) — 1,10 млн еврога тенглаштирилди. Мамлакатнинг ФИФА рейтингидаги ўрни — 120.

Учинчи ўринда Тожикистон терма жамоасининг қиймати — 6,43 млн евро миқдорида қайд этилди. Жамоанинг энг қиммат футболчилари Парвизжон Умарбоев («Локомотив Пловдив», Болгария) ва Алишер Жалилов («АГМК», «Олмалиқ», Ўзбекистон) ҳар бири — 700 минг еврога баҳоланган. ФИФА рейтингидаги ўрни — 115.

Кейинги ўринни Қирғизистон терма жамоаси — 5,80 млн евро билан банд этди. Ушбу жамоанинг энг қиммат футболчилари Гулжигит Алиқулов («Қайрат», Олмаота) — 1 млн евро ва Валерий Кичин («Энисей», Красноярск) — 750 минг евро ҳисобланади. ФИФА рейтингидаги ўрни — 96.

Минтақа рейтингида Туркманистон терма жамоаси 2,56 млн евро билан охирги ўринни банд этди. Жамоанинг энг қиммат футболчиси Олтимурод Аннадурдиев («Олтин Асир», Туркманистон) — 175 минг евро баҳосида эътироф этилди. Жамоанинг ФИФА рейтингидаги ўрни — 134.

Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов 2021 йил якунлари бўйича Ўзбекистонда йилнинг энг яхши футболчиси деб топилганди.