Шавкат Мирзиёев 14 февраль кунги йиғилишда Ўзбекистонда 3 ой муддатда электромобиль тармоғини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди, деб хабар берди президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

«Яна бир масала — жаҳонда электромобиллар ишлаб чиқариш жадал ривожланиб, автомобиль бозорида салмоқли ўрин эгалламоқда. Биз ҳам бу соҳада ортда қолмаслигимиз учун амалий ишларни ҳозирдан бошлашимиз керак», — деди президент.

Давлат раҳбари стратегияга электромобиллар учун бутловчи қисмлар ва материалларни маҳаллийлаштириш дастурини киритиш, шунингдек, уларга қўйиладиган техник талаблар ва замонавий стандартларни ишлаб чиқиш вазифасини қўйди.

Шунингдек, йил охиригача хорижий компаниялар билан музокараларни якунлаш ва стратегик ҳамкор билан лойиҳани бошлаш бўйича топшириқ берилди. Ҳисоботда музокаралар нима ҳақида кетаётгани тушунтирилмаган.

2020 йил охирида ҳукумат «Ўзавтосаноат» компаниясини фақатгина электромобиллар ишлаб чиқаришга ўтказишни режалаштирганди. «Ўзавтосаноат» Стратегик бўлим бошлиғи Рустам Қодиров 2021 йилнинг март ойида Ўзбекистонда 2025 йилларга келиб электромобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши мумкинлиги ҳақида маълум қилганди.

Аммо 2022 йилдаёқ Central Asia Motors компанияси Фарғона механика заводи ҳудудида электромобилларни оммавий ишлаб чиқаришни бошлаши мумкин. Лойиҳа 50 миллион долларга баҳоланган (5 млн доллар тадбиркорнинг ўз маблағлари, яна 5 млн доллар банк кредити, қолган 40 млн доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция), завод йилига 10 минг дона электромобил йиға олади.

Февраль ойи бошида Энергетика вазирлиги давлат электромобилларни қувватлантириш станциялари тармоғини кенгайтириш дастурини тайёрлаётганини маълум қилганди. Spot`нинг ёзишича, бунгача электромобиллар инфратузилмаси билан фақат хусусий компаниялар шуғулланган.

Иқтисодий тааққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Ўзбекистонда элэктромобиллар ва элэктротехника ишлаб чиқаришнинг прогноз қилинадиган ўсишини ҳисобга олган ҳолда, «Ўзелтехсаноат» уюшмаси ва «Ўзавтосаноат» АЖ билан биргаликда Мис кластери (ОКМК) асосида электромобиллар учун электр ёнилғи қуйиш шохобчалари ишлаб чиқаришни кўриб чиқишни таклиф қилганди.